Иссиқкўлда Қозоғистон фуқароси ўлдириб кетилган

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида калтакланиб кетилган Қозоғистон фуқароси ҳушига келмай Бишкек шифохонасида вафот этган.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги фуқароси ўлими юзасидан ҳозирча бирор баёнот бермаслигини билдирди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг Би-би-сига айтишича, айни иш юзасидан Қирғизистонда тергов суриштирув ишлари кетаётгани боис вазирлик сукут сақлашни афзал кўраётир.

Бишкекдаги элчихонада Қирғизистонга қозоғистонлик фуқароларни саёҳат қилишдан қайтарувчи тавсия бериш ёки бермаслик устидан муҳокамалар бўлаётгани маълум қилинган.

31 ёшли Ерлан Балмахаевнинг ўлими Қозоғистондаги интернет сайтларида катта шов- шувга сабаб бўлган. 8 август куни ярим тунда номаълум шахслар томонидан калтакланиб ва тунаб кетилган Ерлан маҳаллий шифохонага мия чаноғига шикаст етиши оқибатида ётқизилганди.

Интернет фойдаланувчилари Балмахаевнинг ўлими юзасидан ҳам Қирғизистон ҳукумати ва ҳам оддий қирғизистонликларга ўз норозиликларини билдиришган.

Ёзиб қолдирилаётган муносабатларнинг энг юмшоғи бу Иссиқкўлга дам олишга бормаслик ва Қирғизистон иқтисодига капитал қўшмаслик бўлмоқда.

Ерлан Балмахаевнинг калтакланишига шахсан Қирғизистон президенти Рўза Ўтинбаева муносабат билдирган ва твиттер орқали безориларни зудлик билан топиш учун ички ишлар вазирига топшириқ берганини билдирганди.

Нисбатан арзон ва яқин бўлган Иссиқкўл қозоғистонликлар учун қулай дам олиш маскани ҳисобланади.

Аммо, у ерда рўй берган кетма-кет инқилоблар ва тартибсизлик қозоғистонликлар хавотирга солган.

Шу йилнинг ўзида дам олиш пансионатларида калтакланган ва тунаб кетилган ҳолатлар бўйича матбуотга бир неча хабарлар чиққан.

Қирғизистон раҳбарияти мамлакат бюджетига катта маблағ келтирувчи ушбу минтақада тартибни сақлаш борасида ҳар йили турли баёнотлар беради.

Ушбу дам олиш мавсумида аввалроқ Президент Ўтинбаеванинг ўғли қозоқ-қирғиз чегарасига келиб сайёҳларга тўла 15 автобусни кутиб олган ва уларнинг хавфсизлиги учун ҳафтанинг беш кунини сайёҳлар билан бирга ўтказишини маълум қилганди.