Туркманистонда турк мактаблари ёпила бошлашига диний хавотирлар сабабми?

Image caption Туркия Туркманистоннинг муҳим халқаро шерикларидан бири бўлиб қолмоқда

Туркманистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакатдаги турк лицейлари ёпила бошлаган.

Хроника Туркменистана веб саҳифаси хабарида айтилишича, Туркманистонда ҳозирда фақат битта шундай мактаб - Ашхободдаги 57-сонли Мустафо Камол Отатурк номидаги лицей қолган.

Бу мактабга янги талабалар олиниши тўхтатилган, мактаб ўқитувчилари у ерда таълим олаётган ўқувчиларга таълимни якунлаш имконияти берилишини билдиришган.

Вилоятларда эса турк лицейлари фаолияти буткул тўхтатилгани айтилади.

Бир неча ой аввал Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қарори билан "жиддий камчиликлари" учун Ашхободдаги Туркман-Турк Университети раҳбарияти ишдан четлатилганди.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, туркман ҳукумати мамлакатдаги турк билим даргоҳларида Нурчилар диний оқими мафкурасининг тарқалишидан хавотирга тушган.

Айни хавотирлар қўшни Ўзбекистонда турк лицейларининг фаолиятига нуқта қўйганди.

Бироқ, туркман масалалари бўйича таҳлилчи Мекан Наврўзовга кўра, бу ягона сабаб бўлмаслиги мумкин.

"Расмий сабаб кўрсатилмаётгани учун, фақат башорат қилиш мумкин. Яна турли сабаблар бўлиши мумкин. Масалан, араб давлатлари ва Яқин Шарқдаги воқеалари таъсири бўлгандир, ёки Туркияда бўлган баъзи диний оқимларнинг бу ерга келиб тарқалиб кетмаслигининг олдини олишдир," дейди у.

Диний оқимлар, хусусан Нурчилар борасидаги хавотирлар борасида на туркман ҳукумати, на туркман мухолифати ўтмишда бирон баёнот қилган.

"Университетда нима учун раҳбарият алмаштирилгани борасида аниқ сабаб кўрсатилмади, лекин диний оқимлар тарқалаётгани бўйича қўрқув бўлган бўлиши мумкин. Аммо, университет ёпилмади, янги раҳбарият тайинланди ва ҳозирда даргоҳ ишлаб турибди," дейди таҳлилчи.

Сармоя таъсири

Туркия ва Туркманистон ўртасидаги алоқалар ўтган 20 йил давомида ривожланиб келган.

Собиқ туркман президенти Сапармурот Ниёзов "Туркманбоши" ҳатто "биз икки мамлакат, аммо бир миллат" шиори остида Туркия билан яқинлашиш сиёсатини илгари суриб келган.

Алоқалар айниқса иқтисодий соҳада ривожланган бўлиб, Туркманистонда амал қилувчи чет эл сармоядорлари орасида турк тадбиркорлари энг фаолларидан ҳисобланади.

Туркманбоши даврида бошланган Ашхобод қайта қурилишида айнан Туркия қурувчилик ширкатлари илғорлик қилишган.

Бироқ, ўтган йил давомида турк ширкатлари туркман ҳукуматидан амалга оширилган лойиҳалар учун тўловларни олмагани, хусусан гўёки Ашхободни қайта қуриш ишлари учун 25 турк ширкатига 1 миллиард долларлик иш ҳақида тўланмагани икки томонлама муносабатларга совуқлик киритган.

Ўтган май ойида Туркманистонга сафар қилган Туркия Президенти Абдулла Гул айни тўловлар масаласини ўз туркман ҳамкасби билан кўтарган.

Аммо, учрашув ортидан телевидение орқали намойиш қилинган Туркманистон вазирлар маҳкамаси йиғинларида Президент Гурбангули Бердимуҳамедов тўловлар тўланмаганига турк ширкатлари томонидан ишнинг тўла бажарилмагани сабаб бўлганини билдирган.

Мекан Наврўзовга кўра, иқтисодий муаммолар сиёсий алоқаларга таъсир қилмаган.

"Иқтисод ўз йўлида, сиёсат ўз йўлида. Раҳбарлар ҳар ҳафта телефонда гаплашиб туришади. Тез-тез келиб туришади. Мана яқиндагина Туркияда туркман маданият кунлари ўтказилди. Қарзлар борасида қандайдир чора кўрилди, чунки бу тўлов масаласи қайта кўтарилмаяпти. Турк ширкатлари янги лойиҳалар ва топшириқларни олишда давом этаяпти. Ашхободдаги қурилишларнинг деярли 90 фоизини турклар бажараяпти, бу тўхтагани йўқ," дейди у.

"Бу ерда сабаб диний оқимлар бўлиши мумкин, у ҳам очиқ айтилгани йўқ. Уни кейинги воқеалар ривожланиши кўрсатар."