Хўжанддаги маҳкамада Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон барча айбловларни рад этди

Image caption Маҳкамада Ўринбой Усмон ўзига нисбатан барча айбловларни инкор этган

Тожикистон расмийлари "Ҳизбут-Таҳрир" тақиқланган фирқасига алоқадорликда айблаган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон устидан кейинги маҳкаманинг 18 августда бўлишини эълон қилган Суғд вилоят маҳкамаси ҳаками.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ва яна тўрт айбланувчи устидан маҳкаманинг Суғд вилояти маҳкамаси биносида маҳаллий вақт билан кундузи соат 10 да бошланиши кутилган эди.

Бироқ маҳкама мулозимлари Суғд вилоят маҳкамаси биносида "ўтириш жойлари етарли бўлмагани сабабли" жараённи Хўжанд шаҳридаги Тожикистон Адлия вазирлигига қарашли тергов изоляторида ўтказишга қарор қилинган.

Маҳкама маҳаллий вақт билан соат 11.30 да бошланган.

Жараённи ярим ёпиқ шаклда ўтказиш қарори олинган, журналистларнинг фото ва видеокамерани маҳкама залига олиб киришлари тақиқланган.

Маҳкама жараёнини ёритиш учун уч матбуот органи ходимларининг киришларига рухсат этилган.

Булар Би-би-си, "Озодлик" радиолари ва "Азия+" ахборот агентлиги мухбирлари.

"Ҳизбут-Таҳрир" фирқасига аъзоликда айбланаётган тўрт шахс маҳкама иши пайтида қафасда ўтирганлар, Ўринбой Усмон журналистлар ёнидан жой олган.

Тўрт киши - Суғд вилоятининг Бобожон Ғафуров тумани яшовчиси Абдунаби Абдулқодиров, Хўжанд шаҳрилик Яҳъёхон Раҳмонхўжаев, Истаравшан шаҳрилик Талъат Мавлонов, Мастчоҳ туманилик Иброҳимбек Маҳмудовларга ҳам Тожистон Жиноий Кодексининг маҳкама томонидан фаолияти тақиқланган ва экстремистик ташкилот ва партиялар фаолиятида қатнашиш айби қўйилган.

Жараён иштирокчиларни таништиришдан бошланган.

Сўнг тергов айбномаси ўқиб эшиттирилган.

Маҳкама терговида тўрт айбланувчи ўзларига қўйилган айбни қисман бўйинларига олишган.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон барча айбловларни инкор этган.

Би-би-си корпорацияси ўз мухбирининг "Ҳизбут-Таҳрир"га алоқадор эканлиги ҳақидаги даъволарни мутлақо асоссиз эканлигини доимо билдириб келган.

Жаноб Усмоновнинг турли фикр ва мавқедаги инсонлар билан учрашувлари ва суҳбатлари Би-би-си журналистлари юритадиган касбий фаолиятининг таркибий қисми бўлган холос.

Жаноб Усмонов Би-би-си Марказий Осиё хизматида 10 йилдан бери ишлаб келган.

Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатларида фаол бўлган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқаси аъзолари билан улар фаолияти ҳақида хабар бериш учунгина учрашган.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги ташкилотлари Ўринбой Усмоннинг ҳисбга олинишини нозик сиёсий ва диний масалалар борасидаги хабарларни цензура қилиш ҳаракати сифатида қоралаганлар.

Маҳкаманинг 18 августда давом этиб, энди гувоҳлар сўроқ қилиниши маълум қилинган.