Хўжанд шаҳрида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон устидан маҳкама бошланди

Image caption Халқаро ташкилотлар Ўринбой Усмоннинг ҳисбга олинишини нозик сиёсий ва диний масалалар борасидаги хабарларни цензура қилиш ҳаракати сифатида қоралаганлар

Хўжанд шаҳридаги муваққат ҳибсхонада Тожикистон расмийлари мамлакатда тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқасига алоқадорликда айблаган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон устидан маҳкама бошланган.

Маҳкама жараёнини Суғд вилояти маҳкамаси биносида бошланиши кутилган эди.

Бироқ ушбу жараёнга халқаро миқёсда эътибор катта бўлмоқда, Хўжанд шаҳрига кўп сондаги журналистлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари етиб борганлар, улар маҳкамани кузатиш учун рухсат сўраганлар.

Иштирокчилар кўплигини инобатга олиб, Суғд вилояти маҳкамаси ҳаками ишни Хўжанд шаҳридаги муваққат ҳибсхонасида ўтказишга қарор қилган.

Би-би-си мухбири Ўринибой Усмон июн ойида ҳибсга олинган ва бир ой мобайнида ҳибсда сақланган эди.

59 ёшли Ўринбой Усмон ўзига қўйилган айбловларни мутлақо рад этган.

Би-би-си ўз мухбирининг "Ҳизбут-Таҳрир"га алоқадор эканлиги ҳақидаги даъволарни мутлақо асоссиз эканлигини доимо билдириб келган.

Жаноб Усмоновнинг турли фикр ва мавқедаги инсонлар билан учрашувлари ва суҳбатлари Би-би-си журналистлари юритадиган касбий фаолиятининг таркибий қисми бўлган холос.

Жаноб Усмонов Би-би-си Марказий Осиё хизматида 10 йилдан бери ишлаб келган.

Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатларида фаол бўлган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқаси аъзолари билан улар фаолияти ҳақида хабар бериш учунгина учрашган.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги ташкилотлари Ўринбой Усмоннинг ҳисбга олинишини нозик сиёсий ва диний масалалар борасидаги хабарларни цензура қилиш ҳаракати сифатида қоралаганлар.