Қозоқ полициясининг матбуот билан мулоқоти чекланмоқда

Image caption Қозоқ полицияси ва матбуот ўртасида алоқа яхши ўрнатилган

Ғарбий Қозоғистон Вилояти Ички Ишлар Департаменти ходимларига рухсатсиз журналистлар билан мулоқот қилиш тақиқлаб қўйилган.

Энди полиция ходимлари департамент матбуот котиби билан келишган ҳолда матбуот билан алоқа қилиши мумкин.

Ички ишлар департаментининг матбуот идораси раҳбари Фатхулло Маштаховнинг айтишича, агар бирор мақолада полиция ходими сўзларини келтирилса, журналист аввало жаноб Маштаховнинг ўзидан рухсат олиши керак.

Маҳаллий журналистлар ушбу тақиқловлар матбуот фаолиятига сезиларли таъсир ўтказишини айтмоқда. Журналистларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса ушбу амални сўз эркинлини бўғиш ва Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунни бузиш дея баҳоламоқда.

Аммо, Маштаховнинг ўринбосари Гулжан Қанатованинг Би-би-сига айтишича, матбуот хизмати ходимларга журналистлар билан мулоқот қилишни чеклаб қўювчи кўрсатма бермаган.

"Ички ишлар органи фаолиятига боғлиқ маълумотлар матбуот орқали берилса ИИД матбуот хизмати билан келишилиши керак деган мазмунда бўлинмаларга кўрсатма берилган. Бу - ходимларимизга журналистлар билан мулоқотни чеклаб қўйишни англатмайди. Мувофиқлаштириш керак деган кўрсатма бор," дейди Гулжан Қанатова.

Матбуот хизмати вакилининг қўшимча қилишича, хабарлар баъзида бўрттириб кўрсатилиши ёки нохолис ёритилиши мумкин. "Ички ишларга тегишли хабарлар матбуот хизмати орқали ўтиши керак ва ушбу хизмат журналистлар ўртасида воситачи бўлгани учун ҳам мавжуд дейди," Қанатова хоним.

Маҳаллий журналистлар департаментнинг ушбу кўрсатмаси мабуот фаолиятига таъсир кўрсатишини айтишмоқда.

"Албатта, журналистларнинг фаолиятига қаттиқ таъсир кўрсатади. Чунки ҳар бир маълумотни матбуот хизмати орқали олиш вилоятдаги кўп сонли журналистларга муаммо туғдиради. Бу информацияни эркин олишга чекловдир," дейди вилоятдаги "Надежда" газетаси бош муҳаррири Адилбек Кумаргажин.

Кумаргажин жанобларининг айтишича, ушбу кўрсатмани чиқарган Ички ишлар департаменти матбуот котиби ўтмишда журналист бўлган ва бу топшириқ журналистларнинг фаолиятига қандай таъсир қилинишини яхши тушуниши керак.

"Надежда" газетасининг бош муҳаррири бундай топшириқ вилоят ички ишлар департаментидан чиққанига ишонмайди, кўрсатма вазирликдан келган бўлиши мумкин. Чунки департамент матбуот хизмати вилоятдаги журналистлар билан шу вақтгача яқин алоқада ишлаб келган.

"У биз билан мулоқотга очиқ, керак вақти ёрдам беради. Мен бу Фатхулло Маштаховнинг ташаббуси деб ўйламайман," дейди Адилбек Кумаргажин.

Ушбу хабарни матбуот орқали тарқатган "Одил сўз" жамғармаси раҳбари Тамара Калеева тезкор хабарлар пайтида ушбу топшириқ панд беришини таъкидлайди.

Унинг айтишича, матбуот хизматининг ҳамма хабарлар ушбу хизмат орқали ўтиши керак деган талаби мантиқсиз. "Шошилинч жиноий хабарлар матбуот хизмати билан келишилган ҳолда чиқиши шарт эмас. Ва матбуот хизмати бу жараённи назорат қилиши керакми энди?" деб сўрайди у.

Калеева хонимга кўра, ҳар бир полиция ходими тергов сири нима эканлигини билади ва жамиятга нима айтиш мумкинлигини идрок қила олади.