Қозоқ Бош вазири интернет саҳифаси тўсиб қўйилиши масаласига аралашмоқчи

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов "Лайвжорнал" интернет блог саҳифаси тўсиб қўйилиши атрофидаги вазиятга аралашишини айтган.

Масимов жаноблари бу ҳақда Твиттердаги саҳифасида маълум қилган.

Аввалроқ, Остона маҳкамаси "Лайвжорнал" ҳамда "Лайвинтернет" саҳифаларига терроризм ва экстермизмни тарғиб қилгани важидан тақиқ қўйган.

"Бу ҳақда прократура маҳкамага мурожаат қилган ва маҳкама ушбу даъвони қондирган. Лекин, лайвжорнал.ком сайти маъмуриятининг айтишича, Қозоғистон ҳукуматидан бу борада бирон бир мурожаат бўлмаган", дейди Олма отадаги мухбиримиз Шодиёр Сайф.

Унга кўра, маҳкама қарорига биноан "Лайвжорнал" саҳифасига 20 августдан бошлаб тўсиқ қўйилиши керак бўлган, аммо 19 августданоқ ушбу сайтга киришнинг иложи бўлмаган.

Айтилишича, ҳозирда Қозоғистондан яна 20та интернет саҳифасига тўсиқ қўйилган, аммо уларнинг номи ҳозирча ошкор этилмаган.

Тақиқ илк бор эмас

Ижтимоий тармоқ ҳисобланган "Лайвжорнал" интернет блог саҳифаси Қозоғистонда анчайин оммалиб улгурган. Оддий одамлардан ташқари Қозоғистон мухолифати аъзолари ҳам ушбу сайт орқали ўз блогларини юритиб келишган.

Шундай экан, "Лайвжорнал" саҳифасига Қозоғистонда илк бор тўсиқ қўйилаётгани йўқ. Унда Президент Назарбоевнинг куёви Роҳат Алиев кундалигини юритган ва очиқдан-очиқ Назарбоев жаноблари ҳамда ҳукуматни айбловчи материалларни чоп этган. Ўшанда бу сайтга норасмий равишда тўсиқ қўйилган.

Кейин лайвжорнал.ком маъмурияти Қозоғистон ҳукумати билан келишган ҳолади Роҳат Алиевнинг кундалигини сайтдан ўчирганидан сўнг тўсиқлар олиб ташланган.

Бош вазири аралашуви натижа берадими?

Мухбиримизга кўра, Бош вазир Карим Масимовнинг "Лайвжорнал" интернет блог саҳифаси тўсиб қўйилиши атрофидаги вазиятга аралашуви қандайдир натижа бериши мумкин.

"Мисол учун, Қозоғистонда бунгача ҳам шунга ўхшаган ҳолатлар бўлган пайтда Бош вазир ёки Президентнинг аралашуви туфайли ўша тўсиқлар олиб ташланган ва бунинг ортидан ҳукумат ўзига қандайдир бир очко ишлаб олишга ҳаракат қилган", дейди мухбиримиз Шодиёр Сайф.

Лекин, бу сафар интернетдаги кўпчилик бунга шубҳа билан қарамоқда. Уларга кўра, қарор маҳкама томонидан чиқарилган экан, буни ўзгартириш қийин бўлиши мумкин.

"Ҳукумат бундай сайтларни қандай ёпишни билмай юрганди. Қозоғистонда сўнгги вақтларда кузатилган портлашлар ва суиқасдлар уларга жуда қўл келди ва энди бу сайтларга тўсиқлар ҳеч қачон олиб ташланмаса керак", деган қарашлар билдирилмоқда", дейди мухбиримиз.