Қирғизистон: Бозорқўрғондаги ўзбекнинг ўлими юзасидан икки милиция ходими ҳибсга олинди

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, шу ой бошида жанубий Жалол-Обод вилоятининг Бозорқўрғон туманида хавфсизлик кучларининг қаттиқ қийноқлари натижасида ҳаётдан кўз юмган Усмонжон Холмирзаевнинг ўлими юзасидан икки милиция ходими қўлга олинган.

Қўлга олинган икковлон Бозорқўрғон туман Ички ишлар бошқармаси ходимлари эканликлари айтилмоқда.

Ҳибс Қирғизистон Бош прокуратурасининг буйруғи билан амалга оширилган.

Уларнинг, "Қасддан одам ўлдириш"да айбланишаётгани айтилади.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, Бозорқўрғон туман Ички ишлар бошқармаси раҳбари ҳам ўз вазифасидан четлатилган.

Унинг ўрнига Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари муовини Абдил Кулибаев тайин этилган.

Асли ўзбек, аммо Россия фуқаролигига эга бўлган Усмонжон Холмирзаев шу ой бошида бир шериги билан бирга Бозорқўрғон бозоридан ушлаб кетилади ва сўнгра улардан катта миқдорда пул талаб қилинади.

Талаблари қондирилмагач, у милиция ходимлари томонидан қаттиқ жисмоний қийноқларга тутилади ва дўппосланади.

Бунинг ортидан ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзлари томонидан кўп сонли жароҳатлар билан маҳаллий реанимация бўлимига келтирилади.

Бироқ орадан кўп ўтмай, Усмонжон Холмирзаев олган жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмади.

Шундан сўнг, юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш очилади ва воқеа Россия консуллигининг ҳам эътиборига тушади.

Маҳаллий аҳоли Би-би-си билан суҳбатида Усмонжон Холмирзаевнинг милиция ходимлари томонидан уриб ўлдирилиши Ўш ва Жалол-Ободда катта шов-шувларга сабаб бўлганини ҳам айтишганди.

Қирғизистон жанубида ўтган йил июн ойида келиб чиққан қонли миллий тўқнашувлар ортидан, ўзбек миллатига мансуб аҳоли ҳануз милиция ходимларининг тазйиқлари ва таъмагирликларидан шикоят этиб келишади.

Аммо маҳаллий ҳуқуқшуносларнинг ўзлари ҳам жабрдийдаларнинг бу хусусдаги шикоятларига деярли қулоқ тутилмаслигини тан олишади.

Милиция ходимларининг қийноқлари юзасидан эса, фақат камдан-кам ҳоллардагина жиноий иш очилади.