Хитойнинг ҳайдовчиларига виза бермаслик қарори Қозоғистонга қанчага тушмоқда?

Хитой қозоғистонлик ҳайдовчиларга виза беришни тўхтатиши оқибатида Қозоғистонда нарх-наволар ошган ва республика иқтисоди 3 миллион доллардан ортиқ маблағни йўқотган.

Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб Хитой қозоғистонлик ҳайдовчиларга виза беришни тўхтатган.

Қозоғистонлик юк ташувчилар ўртадаги англашилмовчиликка Қозоғистон томонидан хитойлик ҳайдовчиларга нисбатан киритилган ноқулайликлар сабаб эканлигини айтмоқда.

Қозоғистонлик ҳайдовчиларнинг Хитойга кириши қийинлашиши ортидан Қозоғистон бозорларида автомобиль эҳтиёт қисмлари, қурилиш материаллари, кундалик моллар, болалар ўйинчоқлари ва меваларда етишмовчиликлар бошланган.

Бунинг оқибатида мамлакатда Хитойдан келтириладиган молларнинг нархи кўтарилган.

“Ўртача нархлар 15-25 фоизга ошди. Аммо бошқа маълумотларга кўра, танқис товарларнинг баҳоси бундан ҳам баландга кўтарилган”, - дейди Қозоғистон савдо ташкилотлари ассоциацияси вице-президенти Жибек Ажибаева.

Хитой томони қозоғистонлик ҳайдовчиларга нима сабабдан виза бермаётгани борасида бирор изоҳ бермаган.

Аммо Қозоғистон халқаро автомобиль юк ташувчилар иттифоқига кўра, Хитойнинг бундай чорага қўл урганига Қозоғистон томонидан хитойлик ҳайдовчиларга нисбатан киритилган ноқулайликлар сабаб бўлган.

2011 йил бошида Қозоғистон томонидан киритилган янги чора тадбирларга мувофиқ, хитойлик ҳайдовчилар машина номери ва аниқ ҳайдовчини кўрсатиши керак.

Юк ташувчиларнинг таъкидлашича, бундай чекловлар ҳеч қайси мамлакатда йўқ.

“Виза бир йилга берилади, ҳайдовчи йил давомида бир автомобилга боғланиб қолади деб фикр юритиш нотўғри, бунинг учун автомобиль соҳасида мутахассис бўлиш шарт эмас. Бир фирмада бир ҳайдовчининг машинаси таъмирда бўлса, соз машиналар ишсиз турмайди. Ҳайдовчини бир машинага қаттиқ боғлаб бўлмайди”, - дейди Қозоғистон халқаро автомобиль юк ташувчилар иттифоқи бош котиби Теодор Каплан.

Каплан жанобларининг илова қилишича, Ташқи ишлар вазирлиги хавфсизлик масаласини ўйлаган бўлиши мумкин. Аммо шу билан бирга молиявий томон ҳам муҳим масалалардандир.

Юк ташувчилар иттифоқига кўра, ҳар бир транзит рейси чоғида Қозоғистон бюджетига 1.000 доллар маблағ тушади, бугунгача 3 мингдан ортиқ рейс амалга ошмаган ва давлат ғазнасига 3 миллион доллар тушмаган.

Юк ташувчилар иттифоқи Қозоғистон томонидан киритилган чекловларни бекор қилишни сўраб, бир неча маротаба мурожаат қилган. Аммо шу вақтгача бу борада бирор натижа бўлмади.

Мутахассислар Хитой юкларини мамлакатга кириб келишида қозоғистонликлар кўпроқ манфаатдор эканлигини айтишади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги айни дамда ушбу муаммони ечиш устида ишлаётганини билдирган.

Хитой Қозоғистоннинг энг яқин савдо ҳамкорларидан ҳисобланади.

2010 йилда бу икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 20 миллиард доллардан ошиқни ташкил қилган.