Афғонистон расмийлари: Бадахшонда ЎИҲ аъзолари қўлга олинган

Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари Покистон шимолидан Афғонистонга ўтганлар деб кўрилади

Афғонистон расмийларига кўра, Бадахшон вилоятининг Покистонга чегарадош Вардуж туманида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг уч аъзоси қўлга олинган.

Бу борада маълум қилган вилоят масъуллари улар ҳозир ҳибсда ушлаб турилганини билдирган.

Тожикистон, Покистон ва Хитойга чегарадош овлоқ Бадахшон вилоятида сўнгги пайтларда аксар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларидан иборат исёнкорлар кўпайгани қайд этилади.

Бироқ маҳаллий Афғон масъуллари уларнинг қаерда яшаши ва қандай ўзаро мулоқот олиб боришларини кузатишга ожиз қолишаётганини айтадилар.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг уч аъзоси Вардуж туманидаги хонадонлардан бирида яшаганлар, улар ўша уйда ҳибсга олинганлар.

Расмийларнинг хабар қилишларича, бу уч шахс яшаган хонадондан кўплаб портловчи моддалар топилган.

Бадахшон вилоят ҳокимлиги сўзчиси Абдулмаъруф Расулнинг айтишича, қўлга олинган шахслар устидан тергов бошланган, дастлабки терговда уларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган.

Бундан бир ҳафта илгари ҳам Бадахшонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг икки аъзоси қўлга олингани хабар қилинган.

Расмийлар Бадахшон вилоятининг Хвахон, Вардуж ва Зебак туманларини нотинч ҳудудлар деб санайдилар, икки ой илгари бу ҳудудларда исёнкорларга қарши амалиётлар ўтказилган.

Ўшанда Вардуж туманида Афғонистон ҳукумат кучлари билан жангарилар ўртасида қаттиқ жанглар кечгани хабар қилинган.