Тожикистон россиялик радиобошловчилар ҳазилига норозилик билдирди

Image caption "Парем" гуруҳи 25 июлда Москвада концерт берган

Тожикистоннинг Маданият ва Ташқи ишлар вазирликлари Россияга норозилик нотаси юборган, бунда "Маяк" радиостанциясидаги дастурда Тожикистондаги "Парем" рок-гуруҳининг фаолияти ҳақоратомуз муҳокама этилганидан норозилик изҳор этилган.

Тожик расмийлари "Маяк" радиоси бошловчилари Сергей Стиллавин ва асли тожик Рустам Воҳидовларнинг "Парем" гуруҳининг 25 июлда Москвада бўлиб ўтган концерти ҳақидаги фикрларидан ғазабга келганлар.

"Бошловчиларнинг тингловчи олдидаги масъулиятни ҳис қилмасдан, ҳақорат гапларни ҳеч бир тортинмасдан эфирга узатишлари нафақат санъаткорларга, балки бутун тожик халқига, унинг маданияти ва мусиқасига нисбатан ҳурматсизликдир." - дейилади Россия расмийларига йўлланган хатда.

Мактуб эгаларига, жумладан, "Парем"нинг якшанба куни концерт беришига сабаб бошқа кунлари клубни ижарага олишга тожикларнинг пули етмас эди" ёки Стиллавиннинг "собиқ Ўрта Осиё республикаларида маданият умуман қолмаган, томошабинларнинг ҳаммаси шу ерда", деган гаплари ёқмаган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги орқали "Маяк" радиоси раҳбариятига жўнатилган хатнинг нусхасини Сергей Стиллавин ўзининг шахсий блогига жойлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbb
Image caption Тожикистон Маданият ва Ташқи ишлар вазирликлари Россия расмийларига норозилик нотасини юборганлар

Унда ёзилишича, "энг самимий узрини" эфир орқали изҳор этган.

"Менимча, эшиттиришимиз тарихи ҳақида ҳикоя қилгандан кўра, болаларга қилинадиган муносабатдай кечирим сўраб қўйиш осонроқ", деб айтган ўзининг заҳархандалари билан Россияда танилган радиобошловчи.

Шунингдек, Сергей Стиллавин бир рок гуруҳ шаънига айтилган гапга нима учун бутун бошли Тожикистон ҳукумати аралашаётганидан ҳайратланганини айтган.

"Парем" гуруҳи аъзоларини эса Сергей Стиллавиннинг янги "қилиғи" янада ғазаблантирган.

"Хатни ўқиб бериш ўрнига унинг устидан кулишда давом этиш тарбияли одамнинг иши эмас", деб айтган Би-би-си билан суҳбатда "Парем" гуруҳи раҳбари Олим Ширинов.

Олим Ширинов бу воқеага Тожикистон ҳукуматининг муносабатини изоҳлар экан, Россияда "Машина времени" гуруҳи қандай машҳур бўлса, ўзларининг гуруҳи ҳам Тожикистонда шундай машҳур ва ҳурмат қилинишини айтган.

Олим Шириновнинг сўзларига кўра, "Маяк" радиоси бошловчилари нафақат "Парем"ни, балки бошқа жуда таниқли тожик мусиқачиларини ҳам ҳақорат қилганлар.