Туркманистонда минглаб маҳбуслар авф этилди, орасида хорижликлар ҳам бор

Туркманистондан келаётган хабарларга кўра, президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг фармойиши билан 4.000 га яқин маҳбус авф этилиб, бугун эрта тонгда қамоқхонадан қўйиб юборилган.

Авфт этилган маҳкумлардан ўттизга яқинининг хорижликлар экани айтилмоқда. Аммо авфга айнан кимларнинг тушгани маълум эмас.

"Интерфакс" ахборот агентлиги авваллари уларнинг рўйхати Туркманистон марказий газеталарида эълон қилинган бўлса, сўнгги йилларга келиб бу каби амалиёт қўлланмаётганини айтади.

Аҳолиси бор-йўғи беш ярим миллионга яқин Туркманистонда барча масалаларда якуний сўзни президент Бердимуҳаммедов айтади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу - катта сондаги маҳкумларнинг Туркманистонда илк бор авф этилиши эмас.

Йирик байрамлар муносабати билан бу каби фармойишларнинг берилиши Туркманистонда марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзов давридан қолган.

Сўнгги янгилик ҳам Рамазон Ҳайитига саноқли кунлар қолган бир пайтга тўғри келмоқда.

Туркманистон давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида жаноб Бердимуҳаммедов " мамлакати ўз фуқаролари бўладими ёки бошқа, айбига иқрор бўлиб, чиндан дилдан пушаймон бўлганларини мунтазам равишда авф этиб келиши"ни таъкидлаган.

Туркманистон қамоқхоналарида аниқ қанча маҳкум сақланиши маълум эмас.

Туркманистон қамоқхоналари собиқ Шўролар давлатлари орасида энг ёпиқларидан бири саналади.

Халқаро ташкилотлар ҳам туркман қамоқхоналарини бориб кўриш деярли имконсиз эканини айтиб келишади.

Улар қамоқхоналарда сақланаётган сиёсий маҳбусларнинг оғир шароитларда сақланиши, уларга авф қўлланмаслигига эътибор қаратишади.

Шу йил бошларида Норвегияда жойлашган "Хелсинки қўмитаси" инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистон шимолидаги Тошҳовуз шаҳрида жойлашган аёллар қамоқхонасидаги аҳволнинг қанчалик абгор эканидан ташвишда эканини айтганди.

Халқаро қўмитанинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим этилган ҳисоботида ушбу қамоқхонада маҳбуслар тиқилиб кетгани сабаб, маҳкумаларга, ҳатто, ухлаш учун жой ҳам етишмаслиги урғуланганди.

Бунинг ортидан Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни алоҳида муҳокама ҳам этганди.

Табиий газ захираларига ниҳоятда бой Туркманистон жаҳондаги инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилаётган мамлакатлардан бири, деб кўрилади.

Халқаро ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашида муҳокама этилган ҳужжатларда эса, Туркманистон қамоқхоналаридаги аҳвол, расмийлар томонидан озодликдан маҳрум этилган фаолларнинг тақдири ҳақида сўз борган, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказилмаётгани танқид қилинганди.

Нуфузли "Еconomist" журналининг дунё давлатларининг қанчалик демократик эканига оид рейтингида ҳам Туркманистон энг қуйи ўринларда, Чад билан Шимолий Корея ёнидан жой олганди.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига кўра эса, Туркман ҳукумати омма ҳаётини мутлақ назорат қилишга уринади, бу мамлакатда ҳамон Совет замонидан қолган ўзгача фикрдаги инсонларни руҳий шифохонага мажбуран ётқизиш, мамлакатни тарк этишга мажбурлаш амалиётлари қўлланади.

Айни бир пайтда Туркманистон ўзининг газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради ва у Оврўпо учун муҳим газ таъминотчисига айланиши мумкин.

Инсон ҳақлари ташкилотлари энергия ресурсларини қўлга киритиш мақсадини кўзлаётган Оврўпо Иттифоқи Туркманистондаги инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволига кўз юммайди, деб умид қиладилар.

Қўшни Тожикистон ҳукумати ҳам шу кунларда мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан 15.000 нафар маҳкумни авф этиш режасида эканини баён қилганди.

Уларнинг орасида 90-йиллар бошларидаги фуқаролар уруши даврида тожик ҳукуматига қарши жанг олиб борган айрим исёнкорларнинг ҳам борликлари айтилади.