Қозоғистон маҳкамаси 'Озодлик' радиоси мухбирини айбсиз деб топган

Фото муаллифлик ҳуқуқи azattyq.org

Қозоғистондаги Ақтўба шаҳрида "Озодлик" радиосининг Қозоқ хизмати мухбири ва ҳуқуқ ҳимоячиси Алима Абдирова устидан маҳкама бўлиб ўтган.

Туҳмат қилиш бўйича айбланаётган ҳуқуқ ҳимоячисини Ақтўба шаҳар маҳкамаси айбсиз деб топган ва ҳеч қандай жаримага тортмаслик ҳақида қарор чиқарган.

Қозоғистон ғарбидаги экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳодисаларни фаол ёритаётган журналист маҳкама жараёнини ўзининг касбий фаолияти билан боғлиқлигини билдирган.

Бундан тўрт кун олдин Ақтўба шаҳар ҳаками Мақсат Дуйсен айбланувчининг сўнгги сўзини эшитиб қарорни ўқиш учун танафусга чиққан эди.

"Мен бундай қарор эълн этилишини кутмаган эдим. Чунки бунгача ҳукмни ўқиш уч марта қолдирилганди. Бу ерда халқаро ташкилотлар, ноҳукумат ташкилотларнинг таъсири катта бўлди”, дейди маҳкама залидан чиққан Алима Абдирова.

Ҳуқуқ ҳимоячисини Жайсан шаҳридаги мактаб-интернатнинг собиқ директори Ирина Домбровская туҳмат қилишликда айблаганди.

Собиқ директор Абдирова хоним томонидан мактаб-интернатни айбловчи маълумотларда асос йўқ, деган.

Ирина Домбровкая ҳакамдан туҳмат учун 34 минг доллар атрофида жарима ундириб беришни сўраган.

Журналист ва инсон ҳақлари фаоли мактаб-интернатда қонунбузарликлар бўлганини ва буни тасдиқловчи гувоҳлар ҳамда видео материаллар борлигини таъкидлайди.

Алима Абдирова Ақтўбадаги "Ару Ана" ноҳукумат ташкилотини бошқариш билан бирга, "Азаттиқ" радиосининг вилоятдаги жамоатчи мухбири бўлиб ҳам ишлайди.

Бунгача маҳаллий рўзномаларда газеталарда журналистни қораловчи бир неча мақолалар нашр этилган.

Уни вилоятдаги вазиятни таранглаштиришда ва ишлашга ҳалақит беришда айблашган.

Журналист ўзига нисбатан бўлаётган айбловларни касбий фаолияти билан боғлиқлигини айтади.

"Маҳкама иши биринчи навбатда журналистик фаолиятим билан алоқадор. Кентияқдаги "Ваҳҳобийлар" оқимига доир воқеаларни ёритишим билан боғлиқ. Бир неча маротаба вилоят ҳокимлигидан қўнғироқ қилишиб, ушбу мавзуда ёзишни тўхтатишимни сўрашган. Ҳокимиятдагиларнинг фикрича, мен тинчликни бузиб, шовқин кўтараётган эканман”, - дейди Алима Абдирова.

Қозоғистон ғарбидаги экстремизм ва терроризм билан боғлиқ хабарларни ёритишда ҳукумат томонидан журналистларга босим ўтказиш биринчи марта кузатилётгани йўқ.

Бунгача "СтанТВ" видео янгиликлар Интернет портали ҳам айнан мамлакат ғарбидаги ҳолатларни ёритгани учун турли текширувларга дуч келаётганини маълум қилган.