Афғонистонда икки олмониялик кўмак ташкилоти ходими жасади топилган

Афғонистон расмийлари хабар қилишларича, ўтган ой ғойиб бўлган Олмония кўмак ташкилотининг икки ходими жасади Саланг довонида топилган.

Икки олмон Кобулдан шимолдаги Саланг довонида йўқолиб қолган эдилар.

Хабарларга кўра, улар иккиси ҳам Афғонистонда фаолият юритаётган Олмония хайрия ташкилотларидан бирининг ходимлари бўлганлар.

Расмийларга кўра, олмонларнинг жасадларида ўқ излари бўлган, лекин уларни ким отиб ўлдиргани аниқ эмас.

Саланг довони Афғонистоннинг бехавотир ҳудудларидан ҳисобланади.

Лекин Афғон расмийлари тахмин билдиришларича, икки олмон Саланг довонидан ошиб ўтганларидан кейин хатарсиз ҳисобланмаган ҳудудга бориб қолган бўлишлари мумкин.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан йўлбошчисиз сафарга чиққан хорижликлар Ғорбанд водийсига бориб қолган бўлишлари, бу ерда уларни Толибон гаровга олган бўлиши мумкин, деб айтишган расмийлар.

Улар 19 август куни бедарак кетган эдилар.

Улар тоққа чиқишаётганини айтишган, ўз вақтида қайтишмаганидан кейин уларнинг тақдиридан хавотир билдирилиб қидирув бошланган.

23 август куни Олмония Ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелленинг айтишича, "улар одам ўғирлаш ҳодисасининг қурбони бўлишлари мумкинлиги аломатлари бор".

Олмонларнинг жасадлари топилган ҳудуд Парвон вилояти ҳудуди ҳисобланади.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Квентин Соммервилнинг айтишича, Парвон Афғонистоннинг энг хавфсиз жойларидан бири ҳисобланади, аммо буткул хавотир йўқ деб бўлмайди.

Толибоннинг кўп жойларда ўз назоратида ушлаб турган кичик-кичик жойлари бор ҳамда бу ҳудудларда жиноий гуруҳлар ҳам фаолият юритади.