'Мустақиллик тантаналари Қирғизистон ўзбеклари учун бемаъно'

Гардианда чоп этилган сурат-2010 йил миллий ярашув Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Собиқ Совет Иттифоқи давлатлари шу кунларда мустақиликка эришганлари 20 йиллигини нишонлаётган бир пайтда Британияда чоп этиладиган Гардиан газетаси мухбири Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрига сафар қилган ва у ердаги вазиятга назар ташлаган. Гардиан мухбири Жоанна Ҳартфорднинг хулосаларига кўра, ўтган йилги этник зўравонликлардан сўнг муаммолар ҳануз ечилмаган ҳамда мустақиллик тантаналари шаҳарнинг ўзбек жамоаси учун ҳеч нимани англатмайди.

"Қирғизистон: Мустақиллик тантаналари ўзбеклар учун бемаъно" дея номланган мақола: "Ўш шаҳрининг янги қурилган рамзий дарвозасида от миниб кетаётган бахтиёр қирғиз тасвирланган. У ўтовларга тўла яйловдан отини чоптириб кетмоқда. Дарвозадаги суратнинг руҳи мутлақо қирғизча ва ана шуниси аҳамиятли", деган сатрлар билан бошланади.

Муаллифга кўра, суратдан мақсад шундоққина остонадан ўтиб бошланувчи йўлнинг икки четида ўтган йилги зўравонликларда вайрон этилган ўзбеклар уйларининг чанг босган қолдиқларидан чалғитишдир.

Шунингдек, у: "Бу сурат мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар - Ўшни қирғизлар ҳудуди сифатида белгилашни англатади".

Мақолада 30-40 йилча аввал Ўшда асосан ўзбеклар яшаганлари, лекин Фарғона водийсидаги бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ бошқа давлат ҳудудида жойлашганига аҳамият берилмагани тилга олинади.

"Ҳозирда эса Марказий Осиёликлар мустақилликка эришганларининг 20 йиллигини нишонлашаётган экан, Ўш ўзбеклари умумий манзарадан четда қолаётгандек", деб ёзади муаллиф Жоанна Ҳартфорд (Joanna Hartford).

Ўтган йилги зўравонликларга қадар ўзбеклар хусусий секторда устувор эдилар. Уларнинг маҳаллалари шаҳар марказидаги Сулаймон тоғи атрофида жойлашганди.

"Лекин, бугун манзара ўзгача. Атрофни ҳали-ҳануз пиширлаётган кабоблар иси тутган, бироқ ўтган йилги бузғунчиликлардан омон қолган қолган ошхоналарни қирғизлар эгаллашган ва улар бугун ўзга номланган...Бозорларга ҳам бир қадар жон киргандек ва кўплаб пештахталар қайта қурилган, аммо сотувчиларнинг аксари ҳозирда қирғизлар, харидорлар ҳам ҳудди шундай".

Муаллифнинг айтишича, ўзбек маҳаллалари бир-бирларининг пинжига тиқилгандек, адолатга йўл йўқлигини тушуниб етгандек.

"Милиция эса, ўзбекларни таъмагирлик учун осон нишон сифатида кўради. Ўзбек маҳалаларидан бирига кириб борганимда, кекса аёллар ташқарида кўрпачаларда ўтириб, Қуръон тиловат қилишаётганди. Кейин билсам, уларнинг ҳар бирида мобил телефонлари бор экан, улар биронта милиция ходими пайдо бўлиб қолса, атрофдагиларга хабар беришар экан".

"Ўшдаги қирғизлар эса, бу ишларнинг ҳаммасини ўзбекларнинг ўзлари бизни шарманда қилиш учун қилдилар, дейишади. Кўплари халқаро танқиднинг аччиғини ҳис қилиб туриб ҳам ўзбекларга кўрсатиб қўйдик деб ҳам ишонадилар. Ҳеч қандай муаммо ечилмаган", деб ёзади Жоанна Ҳартфорд .

"Мустақилликнинг 20 йиллик тантаналари Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар учун мазмунсиз. Улар бунга Сталин томонидан этник гуруҳларни бўлиб ташлаш учун қурилган чегаралар ортидан боқадилар".