Оврўпо Иттифоқи Туркманистондан газ импорти бўйича музокаралар бошлайди

Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар Туркманистондан газ импорти бўйича музокаралар бошлашга келишганлар.

Каспий минтақасидаги йирик газ заҳираларини Озарбайжон орқали тўғридан - тўғри Оврўпога йўналтиришга оид қонуний шартномага эришиш йўлида мулоқотлар олиб бориш қарори ОИ вазирлари йиғинида олинган.

Оврўпо Иттифоқи энергетика масаласида Россияга қарамлигини камайтиришни истайди.

Туркман гази, айниқса, Туркия орқали Оврўпога газ етказиши мумкин бўлган Набукко қувури каби улкан лойиҳалар учун зарурдир.

Энди Оврўпо Иттифоқи денгиз тубидан ўтувчи Транскаспий газ қувурини сиёсий томонлама дастакламоқда.

Энергетика бўйича Комиссар Гунтер Ўттингер уни Оврўпо Иттифоқи имкон қадар тезроқ амалга оширишга умид қилаётган йирик лойиҳа дея таърифлаган.

"Мақсад аниқ, биз Каспий минтақасидаги газни Оврўпога келтиришни истаймиз. Бунинг учун бизга Туркманистондан Каспий денгизидан Озарбайжон орқали газни етказадиган қувур керак", дейди Оврўпо Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича воизи Марлен Ҳолзнер

Янги қадам

Туркман газини Оврўпога йўналтиришга қаратилган музокаралар бир ёки икки аъзо давлатлар тарафидан якка тартибда эмас, балки иттифоқ доирасида олиб борилади.

"Бугун илк бор иттифоққа аъзо 27 давлатнинг барчаси Оврўпо Иттифоқи Озарбайжон ва Туркманистон билан музокаралар олиб боришига келишдилар. Бу мутлақо янги қадам. Биз бундан олдин бутун бошли Оврўпо Иттифоқи учун энергетика масаласида халқаро доирада музокаралар олиб бормаганмиз", деб айтди Оврўпо Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича воизи Марлен Ҳолзнер Би-би-си билан суҳбатда.

Энергетика бўйича Комиссар Гунтер Ўттингер шартнома "Жанубий коридор" орқали бутунбошли Оврўпо Иттифоқини ишончли энергетика манбаси билан таъминлаш йўлидаги муҳим ҳужжат бўлишини айтган.

Шунингдек, Ўттингер жаноблари буни Оврўпо Иттифоқининг "мувофиқлашган ва ягона ташқи энергетика стратегия"ни ишлаб чиқиш томон ташланган илк қадам сифатида ҳам таърифлаган.

"Оврўпо бир овозда гапирмоқда", деб айтган у.

Муаммога ечим

Ярим миллиард истеъмолчи ва 20 миллион энергетика ширкатига эга Оврўпо Иттифоқи сўнгги йилларда Россия ва Украина орасида газ нархлари ва қарзлар борасидаги туфайли юзага чиққан машмашалар боис мушкулотларни бошидан кечирди.

Газпром транзит давлат ҳисобланган Украинага борувчи газ таъминот қувурларни ўчириб қўяркан, қатор Оврўпа мамлакатларига газ таъминоти камайиб, баъзиларига буткул тўхтаб қолганди.

Транскаспий йўлаги бўйича шартнома Туркманистонни Озарбайжон билан боғловчи сув ости қувурини қуришга изн беради. Ушбу қувур эса, Оврўпо Иттифоқига газ етказувчи "Жанубий коридор" тармоғига келиб уланиши мумкин.

Озарбайжон аллақачон Оврўпони газ билан таъминлашга рози бўлган, аммо сув остидан қувур қуриш бўйича саъй-ҳаракатлар Туркманистон билан келишмовчиликлар, шу билан бирга Россиянинг эътирозлари боис тўхтаб қолганди.

"Ҳозирда қўйилган қадам катта илгари силжишдир. Икки мамлакат музокараларга киришишга рози бўлган эканлар улар ҳам битимга эришиш хоҳишига эгалар деб ишонамиз. Бу Туркманистоннинг Оврўпога газ сотишга қизиқиши борлигини кўрсатади. Ҳозирда бу лойиҳаларнинг тафсилотлари ишлаб чиқилиши керак бўлади", дейди Оврўпо Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича воизи Марлен Ҳолзнер.