'Қирғизистонда рўмол ўраган қизлар мактабларга қўйилмаётир'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қирғиз мактабларида ҳамма мактаб формасида келишлари кераклиги айтилмоқда

Қирғизистондаги мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Мутакалим" ташкилотининг маълум қилишича, янги ўқув йилидан бошлаб рўмол ўраган қизлар мактабларга қўйилмаётгани бир юз элликта шикоят олган.

Ташкилот раҳбари Жамол Фронтбек Қизининг айтишича, макатбларда норасмий буйруққа биноан ҳамма ягона мактаб формасини кийишлари керак, аксинча қизлар таълим олишдан маҳрум этилмоқдалар.

Қирғизистон Маориф вазирлиги ўз мавқиени мактабларда ижтимоий тенглик ғояларини тадбиқ этишга харакатлари билан изоҳламоқда. Биз "Мутакалим" ташкилоти раҳбари Жамол Фронтбек Қизини суҳбатга тортдик:

Жамол Фронтбек Қизи: Ҳозирга қадар бир юз элликта шикоят олганмиз, лекин ҳали ҳануз шимолу жанбудан одамлар СМСлар йўллашаяпти. Уларга рўмол ўраган қизлар мактабларга қўйилмаётгани борасидаги шикоятларини ёзма шаклда жўнатишни тавсия этдик. Чунки, шунда бу ҳоллар ҳужжатлаштирилган ҳисобланади. Шикоятларни Бишкек, Ўш, Жаллалобод вилоятлари, Боткен ва Иссиқ кўлдан олаяпмиз.

Би-би-си: Сиз Маориф вазирлигига қилганмисиз ва улардан қандай жавоб олдингиз?

Жамол Фронтбек Қизи: Биз вазирлик қабулхонасига бир неча бор телефон қилдик. Бироқ, "вазир банд" деган жавобни олдик. Шундан сўнг мактуб йўлладик. Кўрайлик-чи, уларнинг жавоби қандай бўлади? Лекин, муаммо шундаки, улар жавоб қидириш билан овора бўлаётган бир пайтда рўмол ўраган қизлар мактабдан қолиб кетишмоқда. Улар бир ёки икки ой ҳам таълимдан мосуво қолишлари мумкин. Дарс қолдириш сабаби билан мактаблардан чиқариб юборишлари хавфи бор. Идорамизга келган ота-оналар йиғлаб, қизларимизнинг ҳуқуқлари поймол этилмоқда, энди нима қиламиз, дея биздан ёрдам сўрашади. Ва биз бугун баёнот билан чиқишга мажбур бўлдик.

Би-би-си: Маориф вазирлиги нима сабабдан рўмол ўрашга таъқиқ қўйган бўлиши мумкин, сизнингча? Балки, умумий мактаб формасини киритиб, ижтимоий тенглик ғояларини мактабларда ҳам тадбиқ этилаётгандир?

Жамол Фронтбек Қизи: Йўқ, мен бундай ўйламайман. Вазирлик мулозимлари ижтимоий тенгликни рўкач қилиб, ҳамма мактаб формасига кириши кераклигини айтмоқда. Аммо, 3-4 йил олдин бўлиб ўтган маҳкама жараёнида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилган ташкилотлар ютиб чиқишганди. Чунки, ўша пайтда мактаб формаси жуда юқори нархларда сотиларди. Бу ерда гап шундаки, ҳеч ким мактаб формасига қарши эмас, қизлар айнан ўша формани кийиб, бошларига рўмол ўрашади, холос. Бунда муаммо бўлмаслиги керак. Нима учун, вазирликдан нима учун бундай буйруқлар келаётганига келсак, Тўқмоқ ва Новқат туманларида яшовчи ота-оналар: "Мактаб директори: "сизларни яхши тушунаман, лекин нима қилай, акс ҳолда мен ўз лавозимимдан бўшатиламан", деганини айтишади. Вазирликда расмий таъқиқ бўлмаса ҳам, норасмий ҳолда қизларни мактабга қўйишмаяпти. "Агар дунёвий таълим олмоқчи бўлсанг, рўмолни еч, кўчага чиққанингдан кейин қайта ўрашинг мумкин", дейишаётган экан. "Ёки бориб мадрасада ўқи", деган жавоблар ҳам бўлган.

Би-би-си: Бундай кампаниялар ўтмишда ҳам кузатилган, ҳозирда ташкилотингиз нималарга умид қилмоқда?

Жамол Фронтбек Қизи: Агар икки кун ичида биз жавоб ололмасак, бутун мамалакат бўйлаб муслима аёллар ёрдамида иш ташлаш эълон қиламиз. Бундан олдин ҳам, 2008 йилда собиқ вазир Мусаев рўмол ўраб мактабга келмаслик юзасидан фармон чиқарганди. Ўшанда биз икки кун ичида норозилик сифатида етмиш беш минг имзо тўплашга қодир бўлганимиз. У эса, ярим соат ичида ўз фармонини бекор қилганди. Вазирлик бугунги вазиятдан ҳам сабоқ чиқаришига умид қиламиз.