2016 йилга бориб дунёнинг энг осмонўпар уч биноси Осиё ҳиссасига тўғри келади

Лондонда эълон қилинган сўнгги рейтинг натижаларига мувофиқ, баландлиги ўзиям нақ 828 метрга етувчи Дубайдаги “Бурж Халифа” минораси дунёдаги қурилган ва қурилаётган бинолар ичида энг осмонўпари, деб топилган.

Рейтинг натижаларидан аён бўлишича, 2016 йилга бориб, жаҳондаги энг баланд бинолардан учтаси Осиё қитъасида қад ростлайди.

Яъни, агар қуриб битказилса, Хитойнинг Шинжон шаҳрида бўй кўрсатаётган Пинг Ан халқаро молия маркази “Бурж Халифа”дан кейин рейтингда осмонўпарлиги борасида 2-ўринни эгаллайди.

Марказнинг баландлиги 660 метрга етади. Унинг 2015 йилда ишга тушиши кутилмоқда.

Дунёдаги учинчи энг баланд бино ҳам Хитойнинг ҳиссасига тўғри келади.

У ҳам бўлса, ҳали қурилиш ишлари давом этаётган Шанхай минорасидир.

2014 йилда очилиши кутилаётган минора кўкка қараб нақ 632 мертга чўзилган.

Дунёнинг энг осмонўпар бинолари рейтингида тўртинчи ўрин муқаддас Макка шаҳридаги Абраж ал-Бант ёки Қироллик соати минорасига насиб этган.

Келаси йил ишга тушириш режаланаётган миноранинг узунлиги 601 метрни ташкил этади.

Агар Нью Йоркдаги Халқаро Савдо маркази (541 метр) ва Дубайдаги Пентоминиум (516 метр) назарда тутилмаса, жаҳондаги бошингиздан дўппингизни туширган бинолар ўнталигини яна Осиё қитъаси вакиллари – Жанубий Корея, Тайвань ва Ҳонг Конглар давом этдириб, тугатиб ҳам қўйишади.