Россия: Оврўпо Иттифоқи Туркманистон ва Озарбайжон билан музокара қилмаслиги лозим

Расмий Москвага кўра, Оврўпо Иттифоқи Каспий денгизи орқали Оврўпога табиий газ элтувчи қувур қурилиши масаласида Туркманистон ва Озарбайжон билан музокарага киришмаслиги лозим.

Оврўпо Иттифоқи кеча бу хусусда музокараларни бошлаш қарорида эканини баён қилганди.

Россия томонининг билдиришича, ўзларини четлаб ўтишга қаратилган мазкур лойиҳа бировнинг ишига бурун суқиш бўлади ва минтақада тангликни кучайтиради.

Туркманистон ва Озарбайжон Каспий денгизига туташ бешта давлатдан иккитаси ҳамда дунёдаги тўртинчи йирик газ захираларига эгалик қилади.

Муҳокама этилиши кутилаётган газ қувури лойиҳаси эса, бу икки давлатнинг газини тўғридан-тўғри Оврўпога олиб чиқишга имкон беради.

Бундан ташқари, ушбу режа Оврўпо Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган ва Туркия ҳамда Австрия орасида янги газ қувури қуришни кўзда тутган "Набукко" лойиҳасига ҳам яхши дастак бўлади.

Янги лойиҳалар билан Оврўпо Иттифоқи ўзининг Россия газига бўлган қарамлигини чорак фоизга қисқартирмоқчи.

Икки ўртада транзит давлати бўлган Украина билан доимий можаролари эса, Россиянинг Оврўпога газ таъминотида узилишларга сабаб бўлиб келади.

Баёнот

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида айтилишича, "Четдан туриб, Каспийнинг ишларига аралашишга уриниш минтақадаги вазиятни жиддий издан чиқариши ва денгизнинг қонуний мавқеига оид бештомонлама музокараларга салбий таъсир қилиши мумкин".

Вазирлик ўз баёнотида Оврўпо Иттифоқи раҳбариятини Россия ва Каспий Бешлигига аъзо қолган давлатлар мавқесини ҳурмат қилиш ва бундайин амаллардан тийилишга чақирилади.

Россия ва Каспий денгизига туташ Эрон, Қозоғистон, Озарбайжон ҳамда Туркманистоннинг денгизнинг қонуний мавқеи юзасидан олиб бораётган музокаралари эса, шундоқ ҳам ҳассосдир.

"Набукко" Россиянинг "Жанубий оқим"и дохил Туркманистон ва Озарбайжон билан Каспий денгизи орқали газ қувури қуришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг биридир.

Шўролар Иттифоқининг қулаганига қарамай, Россия ҳамон ўз таъсир доирасида деб билган бу икки давлатдан ўз вақтида газ сотиб олиш тўғрисида узоқ йиллик шартномалар ҳам имзолаб қўйган.

Мутахассисларга кўра эса, Каспий денгизига туташ давлатлар бу қиммат лойиҳаларнинг фақат биттасига етадиган миқдордагина газ етказиб беришлари мумкин.