БМТ ҳибсхонада вафот этган маҳбус ўлимида Қирғизистон ҳукуматини масъул кўрмоқда

Image caption Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қонунбузарликлар кенг тарқалгани ҳақида айтиб келинади.

БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси 2004 йил милиция ҳибсхонасида вафот этган Тошкенбой Мўйдинов ўлимида Қирғизистон ҳукумати масъул, деган хулосага келди.

БМТ баёнотида айтилишича, бу Қирғизистонда милиция томонидан қийноқлар қўллаш ва зўравонликка қўл уриш ҳолатлари юзасидан хавотирларни янада кучайтирмоқда.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари қўмитаси Бозорқўрғон милиция бўлимида вафот этган Тошкенбой Мўйдинов иши юзасидан маҳаллий ҳимоячи Тоир Асанов аризасини кўриб чиққан.

Қўмитага хулосасига кўра, Қирғизистон шахсни яшаш, қийноқлардан холис бўлиш ва ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этган.

БМТга ушбу иш юзасидан мурожаат қилган Очиқ Жамият Адлия Ташаббусидан Жеймс Голдстонга кўра, Қўмитанинг бу хулосаси Қирғизистон Адлия тизимидаги муттассил камчиликлар борасида расмийларни огоҳ қилиши керакдир.

Тошкенбой Мўйдинов 2004 йил октябр ойида қўлга олиниб, Бозорқўрғон милиция бўлимига олиб кетилади.

Орадан бир соат ўтмай Мўйдиновнинг вафот этгани ҳақида хабар берилган.

Милиция бўлимига чақирилган Тез Ёрдам хизмати шифокори Мўйдиновнинг томоғида бармоқ изларини кўрган ва унинг бўғилганми-йўқлиги ҳақида сўраган.

Милиция аввалига унинг юрак хуружига учраганлигини айтган, кейинчалик эса ўзини осиб қўйди, деб айтишган.

Тошкенбой Мўйдинов ўлими юзасидан ҳеч қачон муфассал текширув ўтказилмаган.

Расмийлар жиноят еридан далилларни тўплашмаган, ҳодисалар қандай ривожланганлигини аниқламаганлар ва тиббий хулосани талаб қилмаганлар.

Ушбу ҳодисага эътиборни тортмоқчи бўлганлардан бири ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров эди, дейилади БМТ ҳисоботида.

У ҳам ҳозирда адолатли равишда ўтказилмаган маҳкама жараёни натижасида умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

Тошкенбой Мўйдинов вафот этган милиция бўлимида шу йилнинг август ойида тўрт соат мобайнида ушлаб турилган Усмонжон Холмирзаев ҳам эртаси куни шифохонада ҳам оламдан ўтган.

Ўлимидан аввал Холмирзаев турмуш ўртоғига қийноққа тутилгани ва ундан пул талаб қилишганлигини айтган.

БМТ баёнотида айтилишича, Тошкенбой Мўйдиновнинг ўлимида ҳеч ким айбдор топилмаган.

Милиция ходими Абдикаюмов қочиб кетган.

Яна бир милиция ходими Мантибоев эътиборсизликда айбланган, аммо марҳумнинг оиласига ёрдам бериш ваъдаси билан қамоқ жазосидан қутулиб қолган.

БМТга кўра, кейинчалик Олий Маҳкама марҳумнинг оиласига дафн маросими учун кам миқдорда ҳақ тўлашнинг ўзи етарли, деган ҳукм чиқариб, жазосизлик муҳитини кучайтирган.

"Биз ўз ватанмизда адолат топмаганимиздан сўнг, БМТга мурожаат қилишга мажбур бўлдик", деди Тошкенбой Мўйдиновнинг синглиси.

БМТ қўмитаси Қирғизистон расмийларига унинг ўлими юзасидан мустақил, холис ва муфассал текширув ўтказиб, масъулларни жавобгарликка тортиб, БМТни бу борада хабардор қилиш учун 6 ой муҳлат берди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қонунбузарликларга қўл уриш кенг тарқалганлигини анйчадан бери айтиб келганлар.

Улардан бири "Справедливость" ташкилоти Тошкенбой Мўйдинов ишини БМТ эътиборига олиб чиқишда ҳаракат қилганлар орасидадир.

Биз ташкилотнинг Жалолбод вилояти бўйича вакили Абдумалик Шарипов билан боғланиб, Мўйдинов иши БМТ га қадар қандай олиб чиқилгани ва нуфузли халқаро ташкилот томонидан чиқарилган хулосанинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди