Қирғизистон: Июн қирғини жабрдийдаларининг бор-йўғи 30 фоизи уйли бўлди

Қирғизистонлик масъулларга кўра, шу кунга қадар ўтган йилги июн низоларида жабр кўрган фуқароларнинг фақат 30 фоизигина янги уй-жойли бўлишган.

Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг Маориф, дин ва маълумот сиёсати қўмитасининг раисаси Жилдизкан Жолдошева эълон қилган.

Қирғизистон жанубида юз берган миллатлараро тўқнашувлар оқибатида минглаб турар-жой ва бинолар вайрон бўлганди.

Шу боис, янги уй-жойга эҳтиёжманд бўлганларнинг сони ҳам минглаб экани тахмин этилади.

Қўмитанинг бугунги йиғинида ўтган йилги апрел ва июн воқеаларида қурбон бўлганларнинг яқинлари ва жабрдийдаларини янги уй-жойлар билан таъминлаш, уларга молиявий ёрдам кўрсатишнинг аҳволи муҳокама қилинган.

Масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, жабрдийдаларнинг 70 фоизига, "ҳукуматнинг 2010 йилда қабул қилган фармони хос бўлмай қолган" ва "улар янги турар-жой олишга ҳуқуқли фуқаролар рўйхатига киритилмай қолган", деган баҳоналар билан уй берилмаган.

Йиғин иштирокчилари, худди шу сабабдан ҳам, аввал ҳисобга олинмаган жабрдийда оилаларнинг янги рўйхатини тузиш лозимлигини айтишган.

Парламент аъзоларининг аксарияти ушбу жараён шаффоф ва адолатли бўлиши лозимлигини таъкидлашган.

Кўпчилик жабрдийдалар эса, аввалги уй-жойларини қайта тиклашга муваффақ бўлган айрим одамларга яна янги турар-жой берилганидан ғазабдалар.

Ўтган йил Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида юз берган қонли низоларда расман 450 дан ортиқ кишининг қурбон бўлгани айтилади.

Қатор халқаро ҳисоботларда тўқнашувлар чоғида қурбон бўлган ва жабр кўрганларнинг аксарияти ўзбеклар экани урғуланади.

Қирғизистон жанубидаги масъулларга кўра, ўтган июн ойида юз берган этник зўравонликлар ортидан муҳожирлик оқими ҳам кескин ортган.

Дейлик, июн билан сентябр ойлари оралиғида қонли низолардан энг кўп жабр кўрган Ўш шаҳрини 40 мингга яқин киши тарк этган.

Шаҳар ичкарисида ўз турар-жойларини ўзгартиришга мажбур бўлган инсонлар сони эса, мингдан ортиқ экани айтилади.

Маҳаллий масъулларга кўра, Ўшни тарк этаётган оилаларнинг барчаси мажбурий муҳожирлик мақомини олиш учун мурожаат этишган.

Аммо маҳаллий кузатувчилар, журналистлар ва халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари ҳақиқий рақамлар қирғиз расмийлари келтираётганидан анча кўплигини айтишади.