Туркманистон фазога ўзининг илк сунъий йўлдошини учирмоқчи

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг сўзларидан аён бўлишича, Туркманистон ўзининг илк сунъий йўлдошини яратиш ва фазога учириш устида иш олиб бормоқда.

Россия ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, туркман раҳбари чоршанба куни пойтахт Ашхободда очилган “Туркментел-2011” кўргазмаси иштирокчиларига ана шундай мурожаат билан чиққан.

Президент Бердимуҳаммедовнинг айтишича, ўз сунъий йўлдошларини фазога учириш Туркманистон давлат телевидениеси кўрсатувлари трансляциясини янги даражага кўтаради.

Интернетга кириш имкониятларини кенгайтиради, замонавий ва самарали алоқа турларига эшик очади.

Шу йилнинг май ойи охирида президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Миллий фазо агентлигини тузиш тўғрисидаги фармонга ҳам имзо чекканди.

Маҳаллий хабарларга кўра, ушбу агентлик ерга яқин орбитани кузатади, фазовий кенгликларни тадқиқ этади, сунъий йўлдош алоқасини йўлга қўяди ва Туркманистон ҳудудидан туриб, сунъий йўлдошни бошқаришни ташкиллаштиради.

Бошқа фармон нима дейди?

Шу йилнинг август ойи ўрталарида эса, Туркманистон президенти хусусий сунъий йўлдош антенналарини олиб ташлашга буйруқ берганди.

Туркман раҳбари улар "мамлакат кўркига салбий таъсир кўрсатиши”ни даъво қиларкан, кузатувчилар унинг буйруғи мамлакатда хорижий телевизион каналларга янги чекловлар ўрнатилишини англатишига ишончлари комиллигини айтишганди.

Сунъий йўлдош антенналари орқали кўрсатилувчи хорижий телевизион каналлар Туркманистон аҳолиси учун кам сонли мустақил ахборот манбаларидан ҳисобланади.

Чунки мамлакат матбуоти ҳукумат томонидан ниҳоятда кучли назорат қилинади.

Марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ўлими ортидан қудратга келган Гурбангули Бердимуҳаммедов кўпроқ ислоҳотлар ўтказишга ваъда берганига қарамай, Туркманистон ҳалиям дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлмоқда.