Қозоғистонда Наталья Соколованинг апеляция маҳкамаси бўлиб ўтмоқда

Соколова хоним мингдан ортиқ нефтчилар иштирокида намойиш бошланиши ортидан ҳибсга олинган ва низо қўзғаш айби билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Соколова хоним мингдан ортиқ нефтчилар иштирокида намойиш бошланиши ортидан низо қўзғашда айбланган

Қозоғистон ғарбида намойиш ўтказаётган нефтчилар юристи Наталья Соколованинг апеляция маҳкамаси бўлиб ўтмоқда. Манғистау вилоят маҳкамасида ҳакам "Қаражанбасмунай" компанияси касаба уюшмаси юристи Наталья Соколованинг айбсиз эканлиги ҳақидаги даъволарни тинглаган. Соколова хоним мингдан ортиқ нефтчилар иштирокида намойиш бошланиши ортидан ҳибсга олинган ва низо қўзғаш айби билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Соколова хонимнинг адвокати Арман Жаменов биринчи маҳкама жуда ҳам кўп қонунбузарликлар билан бўлганини айтган. Жаменов илк маҳкамада Соколова томонидан айтилган сўзларни тилшунос экспертлар нотўғри талқин қилганини ва ҳимоя томони мустақил тилшунослар ёллаганини билдирди.

"Биринчи экспертиза хулосалари билан Наталя иш берувчилар ва ишчилар ўртасида низога чақирганини исботлаб бўлмайди. Чунки ҳеч ким бундай маънони ҳис қилмаган", - дейди Арман Жаменов.

Ҳакам тилшуносларни маҳкама залига келишини сўраган ва ишни душанба куни давом эттиришини билдирган.

Шу йилнинг 8 август куни Ақтау шаҳар маҳкамаси Наталья Сокловага ижтимоий низо қўзғаш, митинг ва намойишлар ўтказишда қонунни бузиш каби айбловлар қўйган ва 6 йил умумий жазо колониясида муддатини ўташни белгилаган.

Май ойидан буён Ақтау ва Жанаўзан шаҳарларида нефтчиларнинг норозиликлари давом этмоқда. Нефтчиларни ҳимоя қилиш мақсадида тузилган "Халқ фронти" вакилларига кўра Наталья Соколова нефтчиларни алдашганини исботлаб бера олгани учун жазоланмоқда.

Турмуш ўртоғини ҳимоя қилишга ўзи киришган Василий Чепурнойнинг даъво қилишича ҳибсдалигида вақтида Соколова хонимни видео камерага айбдорман деб айтишган мажбурлаш ҳоллари бўлган.

Маҳкама жараёнида Соколова хоним ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва касаба уюшмаси йиғинларини ташкил қилиш қонунни бузишга кирмаслигини айтган.

Наталья Соколова ким?

39 ёшли Наталья Соколова Қозоғистоннинг шимолидаги Петропавль шаҳрида туғилган. Биринчи мутахассислиги инглиз тили таржимони. Кейинчалик ҳуқуқшунослик бўйича икита олий ўқув юртини битирган. Наталья Санк-Петербург шаҳридаги Касаба уюшмалар университетининг ҳуқуқ соҳаси бўйича диплом олган бўлса, иккинчи дипломни ҳуқуқшунослар олий мактабида ҳимоя қилган.

2000 йилда Олма ота шаҳридан нефтга бой Манғистау вилоятига ишлаш учун боради. Соколова хоним "Қаражанбасмунай" компаниясига 2009 йили ишга келгунга қадар иккита нефт компаниясида юрист ўлароқ фаолият юритади.

2009 йили хитойликларга тегишли бўлган CITIC group of companies Натальяни "Қаражанбасмунай" лойиҳасига юрист ўлароқ ишга ўтишга кўндиради. Шу вақтлари "Қазмунайгаз" компанияси томонидан CITIC ка тегишли бўлган "АргимакТрансСервис" ҳиссадорлик жамиятига рейдлар бўлаётганди.

Қазмунайгазнинг қаршилигига қарамасдан CITIC Соколовани ишга олишга муваффақ бўлади. Юрист лавозими Қазмунайгазга тегишли бўлгани учун Натальяни ишчилар билан ишлаш департаменти директори сифатида тиркалади.

Соколова хоним иш бошлагач компанияга бўлаётган ноқонуний ҳаракатларни бартараф этишнинг уддасидан чиқади.

Наталья Соколова юрист ўлароқ "ҚазМунайгаз"нинг манфаатлари йўлига ғов бўлавергач, компания турли сабаблар билан уни ишдан бўшатишнинг йўлини топади.

2010 йилда Наталья ишдан бўшагач "Қаражанбасмунай"нинг касаба уюшмасига юрист ўлароқ ишга киради.

"Касаба уюшмасида ишлашни бошлаганда, қонунларни билгани учун ва Меҳнат кодексига таянган ҳолда ишчиларнинг маошларини қонунга мувофиқ кўтаришларини талаб қилди", - дейди Натальянинг турмуш ўртоғи Василий Чепурной.

Наталья Қазмунайгазга нисбатан ишларни юта бошлагач, уни бир марта номаълум шахслар калтаклашади.

Наталья ва Василийларнинг 14 ёшли фарзанди бор. Наталья ҳибсга олингандан сўнг унинг ўғли ва эрига нисбатан бир неча маротаба таҳдидлар бўлган. Василий Чепурной ўғли ҳозир мактабга бориб келгач, уйдан ҳеч қаёққа чиқолмай ўтиришини айтади. Чунки, уни ўғирлаб кетишга уринишлар бўлган.