Қирғизистон Беларусдан яна Қурманбек Бакиевни қайтариб беришни сўрамоқда

Image caption Собиқ президент Қурманбек Бакиев намойишчиларга қарши ўт очишга буйруқ беришда айбланган

Қирғизистон ҳукумати собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг Бишкекка топширилишини яна бир бор Беларусдан сўрамоқчи.

Расмий Минск аввалги икки сўровни рад қилган.

Қирғиз полицияси энди жаноб Бакиев президент маъмурияти раҳбарининг ўлдирилишида ҳам айбдор деб билади.

Бишкекда ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон Ички Ишлар Вазири муовини Мелис Турганбаев экстрадиция ҳужжатлари яқин орада юборилишини билдирди.

Жаноб Турганбаевнинг айтишича, Қурманбек Бакиев ўз маъмурияти раҳбари Медет Садирқуловнинг ўлдирилиши ҳақида билган.

"Мамлакатдаги тўртинчи энг муҳим шахсни ўлдиришган ва Қурманбек Бакиев, албатта, бундан хабардор бўлган," деди у.

Унинг айтишича, Беларусь ҳокимияти Бакиев сиёсий сабаблар билан босим остига олинаётганини айтиб, уни экстрадиция қилишдан бош тортган.

"Лекин, бу сафар у жиноятга алоқадорликда гумон қилинади," деди ички ишлар вазири муовини.

Қурманбек Бакиев 2010 йил апрелида бўлиб ўтган аксил-ҳукумат намойишлар ортидан Қирғизистондан қочиб, Беларусдан бошпана топганди.

Айни дамда унинг давлат қўриқчилари раҳбари Жаниш Бакиевнинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

"Лекин, биз қўшни давлатлардаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилаяпмиз ва уни яқинда ҳибсга оламиз," деди Мелис Турганбаев.