Президент Ўтинбоева: ‘Қирғизистон Марказий Осиёда гардкам ўйинларнинг оролига айланиб қолди’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

'Қирғизистон Марказий Осиёда гардкам ўйинларнинг оролига айланиб қолган'ини баён қилган президент Роза Ўтинбоева кескин чора-тадбирлар билан мамлакатдаги қиморхоналар фаолиятини жиддий тартибга солиш лозимлигини урғулаган.

Унинг бу хусусдаги видеомурожаати қирғиз раҳбарининг веб саҳифасида эълон қилинган.

Қирғизистон раҳбари бугун мамлакатда биргина лицензия олиб, фаолият юритаётган қиморхона ва турли ўйингоҳларнинг сони ўнлаб эканини айтади.

Унга кўра, болалар боғчаларию турли жамоатчилик ташкилотлари ўрнида фаолият юритаётган бу каби ўйингоҳларни нафақат пойтахт Бишкек, балки мамлакатнинг чекка қишлоқларида ҳам учратиш мумкин.

“Пана-пастқам жойларда қиморхоналарнинг фаолияти буткул тақиқланган қўшни давлатлар, жумладан, Қозоғистон, Россия ва, ҳатто, Беларусдан ҳам “омадини синаб кўрмоқчи бўлганлар” айнан Қирғизистонга келишади. Минг афсуслар бўлсинким, бизнинг мамлакатимиз Марказий Осиёда гардкам ўйинларнинг оролига айланиб қолди”, деб айтган Қирғизистон президенти.

Ўтинбоева хонимнинг баён қилишича, қиморхоналар ва турли таваккал ўйинларга мўлжалланган автоматлар бутун қирғиз жамиятига ҳалокатли таъсир қилиб, одамларни хонавайрон қилади.

“ Бу каби ўйингоҳлар эгалари ўзларининг давлат ғазнасига солиқ тўлашларини рўкач қилишади. Аммо хорижда қиморхоналардан аксарият ҳолларда ноқонуний пулларни ўзлаштиришда фойдаланиш изчил тус олиб бормоқда. Бу каби амалиёт алал-оқибат бизда ҳам жиддий тус олиши мумкин”, дея огоҳлантиради қирғиз раҳбари.

Ўз ўрнида, Ўтинбоева хоним гардкам ўйинларни буткул тақиқлаш ва қиморхоналар фаолиятидан давлат бюджетига тушаётган даромадлардан умуман воз кечиш даъватларини қўлламаган.

Бундан аввал Қирғизистон парламентида қиморхоналар фаолиятини буткул ман этишга оид таклифлар ҳам илгари сурилганди.

Қирғизистон раҳбарига кўра, бундай қилиш – уларнинг яширинча бўлса-да, бемалол фаолиятларини давом этдиришларига олиб келиши мумкин.

Ўтинбоева хонимнинг урғулашича, жорий пайтда бунга ўхшаш ўйингоҳларнинг фаолиятини чекловчи замонавий чора-тадбирлар кўришдан бошқа чора йўқ ва бу ишга бугуннинг ўзида қўл урилмоғи лозим.

Агарда, мамлакат молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига қаралса, биргина қиморхона ва ўйингоҳлардан давлат ғазнасига тушаётган солиқ тўлови йилига 403 миллион қирғиз сўмини ташкил этади.

Вазирлик амалдорларига кўра, агар давлат ғазнаси ушбу тушумдан маҳрум этилса, даромаднинг бошқа манбаларини излаш лозим бўлади.

Аммо бу каби фаолият турларининг буткул тақиқланишига оид кеча парламентнинг махсус қўмитасида муҳокама этилган қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган Бакитбек Жетигенов (“Ор-номус” партиясидан) Қирғизистон бунча маблағни сайёҳлик соҳасини ривожлантириш орқали ҳам қўлга киритиши мумкин эди, дейди.

Ўз видеомурожаатининг якунида эса, Қирғизистон президенти, “Келинг, бирлашайлик, қиморвоз-баронларга оилаларимиз ва ёшларимизнинг ҳаётини издан чиқаришга йўл бермайлик. Эртага кеч бўлади”, дея мурожаат қилади.