Сўнгги янгиланиш 20 сентябр 2011 - 14:20 GMT

Афғонистон Олий Тинчлик Кенгаши раиси Бурҳониддин Раббоний ўлдирилди

Афғонистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат Олий Тинчлик Кенгаши раиси Бурҳониддин Раббоний Кобулдаги уйига уюштирилган бомба ҳужумида ҳалок бўлган.

Портлаш маҳали жаноб Раббоний уйида Толибон ҳаракатининг икки аъзоси билан учрашаётган бўлгани айтилмоқда.

Бу икки Толибон аъзосининг уюштирилган ҳужумга алоқаси бўлганми-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Афғонистон Олий Тинчлик Кенгаши Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари олиб бориш ишларига бошчилик қилиб келаётганди.

71 ёшда бўлган Бурҳониддин Раббоний Афғонистоннинг собиқ президенти ва мамлакатдаги йирик "Жамияти Исломий" мухолиф партиясига бошчилик қилган.

Кобулда бўлган мухбиримиз Девид Лойннинг айтишича, унинг уйи жойлашган сатҳ ҳозир буткул ўраб олинган.

У 2001 йилда суиқасд қурбон бўлган Афғонистондаги таниқли мужоҳиддин қўмондонларидан Аҳмад Шоҳ Масъуднинг яқин дўсти бўлган.

Мухбиримизга кўра, Толибон жиддий қизиқиш билдирмаётгани боис, жаноб Раббонийнинг ўлими Афғонистондаги тинчлик музокараларининг тўхтаб қолишини англатмайди.

Таржимаи ҳол

Афғонистоннинг собиқ президенти, Афғонистон Олий Тинчлик Кенгашининг раиси Бурҳониддий Раббоний 1940 йил Бадахшон вилоятида туғилган.

У ўрта мактабни ўзи туғилиб ўсган жойда якунлаган.

Сўнг Кобул шаҳридаги Дорул-улуми Шариа мадрасасида таҳсил олган.

Мадрасани битирганидан кейин Кобул Университетида Фиқҳ ва Илоҳиётни ўрганади.

Бурҳониддин Раббоний 1963 йилда дорилфунундаги таҳсилини якунлаганидан кейин Кобул университети уни профессор сифатида ишга қабул қилади.

1966 йилда ўз билимини ошириш мақсадида Мисрдаги "Ал-Азҳар" университетига боради.

Икки йилдан сўнг Исломий фалсафа бўйича магистрлик унвонини қўлга киритади.

1968 йилда Афғонистонга қайтган.

1972 йилда Бурҳониддин Раббоний "Жамияти Исломий Афғонистон" партиясининг раиси этиб сайланади.

Бурҳониддий Раббоний исломий билимининг кучлилиги билан кўпчилик олдида обрў қозонган инсон эди.

Шўролар Иттифоқи 1979 йилги давлат тўнтаришини дастаклаган пайтда эса, Бурҳониддин Раббонийнинг "Жамияти Исломий" партияси Афғонистон Халқ Демократик партияси бошчилигидаги тузумга қаршилик кўрсатади.

Раббонийнинг кучлари коммунистик тузум қулаган 1992 йилда пойтахт Кобулга кириб келган ва эски тизим асоратларига буткул барҳам берган илк мужоҳиддинлардан бўлишади.

Унинг партияси Бурҳониддин Раббоний бошчилигида Шўролар ишғолига қарши муваффақиятли жанг олиб борган жангари мужоҳиддин гуруҳлардан бирига айланади.

Ўша йили Афғонистон президенти бўлиб қудратга келган Бурҳониддин Раббоний орадан тўрт йил ўтиб, 1996 йилда Толибон ҳаракати томонидан ағдарилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.