Тожикистонлик исёнкорлар тожик ҳукуматига янги таҳдид билан чиқишди

Ўзини "Жамоат Ансаруллоҳ", деб тақдим этган исломий исёнкорлар гуруҳи тожик ҳукумат кучлари ва Тожикистондаги "динсизлар"ни ҳужумга тутиш таҳдиди билан чиққан.

Гуруҳнинг жиҳодга даъвати акс этган видеотасвир ўтган жума куни Youtube веб саҳифаси орқали эълон қилинган.

15 дақиқалик видеотасвирда бир неча қуролли кишилар қуршовидаги соқолли, номаълум шахс тожик тилида ўз таҳдидларини баён қилади.

Ўзини таништирмаган ушбу шахс, "даъватларига қарши чиқишса, диний уламоларнинг ўзларига қарши ҳам жиҳод эълон қилишлари" билан огоҳлантиради.

Ўз ўрнида, "Жамоат Ансаруллоҳ"нинг асосий мақсади - "Қуръон" қонунлари дунёвий қонунлардан устун бўлган ҳокимият барпо этиш" эканини айтади.

Бу исёнкор гуруҳлар томонидан ўтган беш ой ичида Тожикистон ҳукуматига қарши янграётган иккинчи пўписадир.

Шу йилнинг апрел ойида ўзини "Тожикистон мужоҳиддинлари" деб атаган гуруҳ ҳам инглиз тилида эълон қилинган баёнотида худди шундай даъват билан чиққанди.

Орадан уч ой ўтиб, Тожикистоннинг беқарор тоғли шарқий Рашт водийсининг Камароб дарасида тожик ҳукумати кучларига қарши ҳужум уюштирилади. Натижада ўттизга яқин ҳарбий қурбон бўлади.

Ушбу ҳодиса ортидан, Тожикистон ҳукумати водийда исёнкорларнинг фаолиятларини жиловлашга қаратилган бир неча ойлик ҳарбий амалиётларга қўл уради.

Амалиётларда ҳар икки томондан 100 дан ортиқ кишининг қурбон бўлгани айтилади.

"Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳи эса, 2010 йил сентябр ойида Тожикистоннинг шимолий Хўжанд шаҳрида уюштирилган худкушлик ҳужумига масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққанди.

Тожикистонлик масъуллар, ўз навбатида, икки зобитлари қурбон бўлган ҳужум номаълум қуролли гуруҳ томонидан амалга оширилганини баён қилишганди.

Акс-садо

"Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳининг видеодаъватидан тўрт кун ўтган бўлса-да, тожикистонлик расмийлар ҳалича унга ўз муносабатларини билдиришга шошилишаётгани йўқ.

Аммо Тожикистонда бўлган мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, мамлакат миллий хавфсизлик хизматларидаги манбалар мутахассислар ушбу роликни ўз каналлари орқали текширишаётганини билдиришган.

Шунинг учун ҳам тожикистонлик мулозимлар ҳозирча бу масалани расман шарҳлашмаяпти, дейди у.

Аён бўлишича, "Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳи номидан экани айтилган видеодаъват маҳаллий экспертлар орасида катта шов-шувга сабаб бўлган.

Улардан аксарияти бу - нохуш ҳолат эканини айтиб, ўз хавотирларини изҳор этишган.

Мухбиримизнинг айтишича, Тожикистондаги аксарият яқин-яқингача, ҳатто, бунақа гуруҳнинг мавжудлигига шубҳа билан қарашган.

Лекин шу йил апрел ойида тожикистонлик таниқли собиқ дала қўмондони Мулла Абдулло ва яна ўндан ортиқ жангари ўлдирилган Рашт водийсидаги сатҳдан "Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳининг байроғи топилади.

Шундан сўнг, Тожикистон миллий хавфсизлик хизматлари мамлакатдаги исломий жангарилар билан, ҳатто, минтақада ҳам унчалик таниқли бўлмаган ушбу гуруҳ орасида муайян алоқалар бор, деган тўхтамга келишади.

"Жамоат Ансаруллоҳ"

Ушбу гуруҳнинг мавжудлиги ҳақида илк бор ўтган йили, шимолий Хўжанд шаҳридаги худкушлик ҳужуми ортидан маълум бўлган.

Гуруҳнинг кимлардан иборат экани, аъзоларининг сони ва жойлашган ери ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Айрим мутахассислар орасида гуруҳ Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бир қисми, деган қарашлар ҳам йўқ эмас, дейди Тожикистонда бўлган мухбиримиз Искандар Фируз.

Унга кўра, бошқалари "Жамоат Ансаруллоҳ" Тожикистондаги вазиятни янада таранглаштириш учун бошқа давлатлар махсус хизматлари томонидан ўйлаб чиқарилган қуруқ бир гап, амалда бундай гуруҳ йўқ, деган фикрдалар.

"Лекин айни ўринда бир омилни назардан қочирмаслик лозим. Сўнгги йилларда Афғонистон ва Покистондаги Толибон ҳаракати тарафдорлари аста-секинлик билан афғон-тожик чегараси оша бошқа Марказий Осиё давлатлари сари ҳаракатланишаётганини очиқча баён қилиб келишмоқда. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати байроғи остида бирлашган гуруҳлардан бири ўзини "Жамоат Ансаруллоҳ", деб тақдим этаётган бўлиши мумкин", дейди мухбиримиз.

Тожикистон Афғонистон билан яхши қўриқланмайдиган 1.340 чақиримлик чегарага эга.

Тожик ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда исломий радикализм кучайиб бораётганидан хавотирга тушиб қолган.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Тожикистонда фаолияти тақиқланган диний гуруҳларга аъзолик айби билан 150 дан ортиқ киши қамоққа ташланган.

Хорижий давлатлар мадрасаларида таҳсил олаётган талабалар ортга қайтарилган.

"Ота-оналарнинг масъулиятлари тўғрисида"ги янги қабул қилинган қонунга мувофиқ, 18 ёшгача бўлганларнинг намоз ўқиш учун масжидларга чиқишлари тақиқланган.