Тожикистон шимолида Шўро даври ҳайкаллари хиёбони қад ростлайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тожикистондан олинган хабарлардан аён бўлишича, шимолий Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида мамлакат мустақиллиги йилларида олиб ташланган Шўро даври ҳайкаллари битта хиёбонга йиғилиб, томошага қўйилади.

“Ғалаба” хиёбонини Шўро даври ҳайкалларига ажратиш қарорига эса, Хўжанд шаҳар маъмурияти келгани айтилмоқда.

Аллақачон мазкур хиёбондан Марказий Осиёдаги энг баланди ҳисобланган Лекин ҳайкали ўрин олган.

Бундан ташқари, “Ғалаба” хиёбонига Хўжанд марказидаги бекатлардан бирида қад ростлаб турган Шўро даврига хос улкан “Ўроқ ва болға” рамзининг ҳам кўчирилиши режаланмоқда.

Шаҳар масъулларининг айтишларича, кейинчалик Карл Маркс, Иосиф Сталин, Сергей Киров ва бошқа сиёсий арбобларнинг Шўро даврида вилоят ҳудудида қад ростлаб турган ҳайкаллари ҳам “Ғалаба” хиёбонидан жой олади.

Уларга кўра, “бу ҳайкалларнинг барчаси Тожикистон яқин тарихининг бир қисми ҳисобланади ва муайян одамлар учун ҳануз қадр-қимматга эга. Ва ана шундай инсонларнинг томоша қилишларига имкон бериш учун ҳайкалларни асраб қолишга қарор қилишган”.

Унчалик ҳам катта бўлмаган ушбу хиёбонда ўз вақтида байналмилалчи жангчиларга ёдгорлик ҳам ўрнатилганди, дейди Тожикистонда бўлган мухбиримиз Искандар Фируз.

Мухбиримиз шахсан ўзи “Ғалаба” хиёбонига бориб кўргани, ҳозир у ерда мазкур ёдгорлик билан ёнма-ён Шўро даврида ҳайкаллари учун ҳам тагликлар қуриш ишлари бораётганини айтади.

Ҳаммаси бўлиб, хиёбонга 15 тачалар ҳайкал кетса керак, дейди у.

Мухбиримизнинг маҳаллий аҳоли билан суҳбатига таяниб айтишича, улар ҳам шаҳар масъулларининг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлашган.

“Чунки Тожикистон мустақиллигини қўлга киритганига унча ҳам кўп вақт бўлгани йўқ. Айрим тожикистонликлар Шўро даври рамзларини ҳануз қадрлашади. Дейлик, 1991 йилда бўлиб ўтган референдумда аҳолининг 90 фоизи Шўролар Иттифоқини сақлаб қолишни ёқлаб, овоз беришган”, дейди у.

Мухбиримизга кўра, одамлар ўша даврдаги тинч-осойишта ва яхши ҳаётларини ҳануз қумсашади.

Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан Тожикистонда ўша давр доҳийларига қўйилган кўплаб ҳайкаллар олиб ташланган ва ушбу жараён ҳануз давом этмоқда.

Дейлик, пойтахт Душанбеда В.И.Ленинга қўйилган сўнгги ҳайкал 2008 йилда олиб ташланган.

Американинг Gallup омма фикрини ўрганиш маркази томонидан яқинда олиб борилган янги сўрови натижаларига қаралса, бугун ҳам собиқ МДҲ давлатлари орасида Россия олиб бораётган сиёсатни энг кўш хуш кўрадигани Тожикистон бўлиб чиққан.

Сўнгги сўров натижаларига мувофиқ, Тожикистон аҳолисининг 94 фоизи расмий Москванинг сиёсатини ёқлашларини айтишган.

Ленин, шаксиз, жаҳоннинг кўплаб халқлари, миллионлаб инсонлар ҳаётида таъсирини қолдирган тарихий шахс, Ўзбекистон ҳам 70 йил мобайнида у асос солган Шўролар Иттифоқи таркибида бўлган.

Бугун Ўзбекистонда Совет даврига хос ҳамма нарса қораланади, аммо аксар ўзбекистонликлар Лениннинг камбағалларга эркинлик, адолат бериш ғоялари ҳаётда ўз аксини топган эди, деб ҳисоблашади.

Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришганидан буён ҳукумат Шўро тизимини ёдга соладиган барча маданий ё адабий меросларни ёппасига тугаллашга киришган ва буни келгуси авлодни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш зарурати билан изоҳлаб келади.

Ўзбеклар раҳбариятнинг халқ билан бемасалаҳат иш тутишига аллақачон кўникиб кетган ёки умуман бундай ўзгаришлар ҳақида ўйлашдан кўра, ўзининг тирикчилиги ҳақида қайғуришни афзал кўради, дейишади ўзбекистонлик айрим зиёлийлар.