Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга беш йил қамоқ жазоси билан бирга авф қўллаш сўралди

Тожикистоннинг шимолий Хўжанд шаҳрида давом этган бугунги маҳкама жараёнида қоралов томони Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга 5 йил қамоқ жазоси бериш, аммо "Авф тўғрисидаги қонун"ни қўллаб, суд залидан озод этишни сўраган.

Прокурор, "Тожикистонда фаолияти ноқонуний деб саналган диний фирқалардаги иштироки ва ёрдамчилиги учун" Ўринбой Усмонов шундай жазога лойиқ эканини айтган.

Ўз ўрнида, қоралов томони Ўринбой Усмонов билан бирга маҳкамага тортилаётган қолган тўрт айбланувчини 23 йилдан 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этишни таклиф этган.

Бугун маҳаллий вақт билан соат эрталабки 9:00 га белгиланган, аммо бир соат кечикиб бошланган маҳкама жараёнида қоралов ва ҳимоя томонининг чиқишлари тингланган.

Аммо бундан аввал ҳакамнинг таклифи билан Ўринбой Усмоновнинг 27 июн куни ҳимоячиси ҳузурида қилинган сўроқ жараёни туширилган диск қўйиб, кўрсатилган.

Унда Би-би-си мухбири Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут Таҳрир" диний ташкилотига умуман аъзо эмаслиги, фирқага ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, аммо уларнинг фаолияти ҳақида давлат идораларини огоҳ этмагани - катта хатоси бўлгани ҳақидаги сўзлари ўз ифодасини топган.

Ҳимоя томони

Аммо қоралов томонидан кейин сўз олган ҳимоячи Файзинисо Воҳидова уларнинг ўз мижозига нисбатан илгари сураётган барча айбловларини бирма-бир рад этган.

Ўринбой Усмонов ҳимоячиларининг таъкидлашларича, "Мижозларини ноқонуний диний ёки экстремистик ташкилотга алоқадорликда айблашаркан, ҳуқуқ-тартибот идоралари буни исботлаши мумкин бўлган бирор бир далил келтиришолмаган".

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидовага кўра, "Ўринбой Усмонов ҳибсга олинган 13 июн кунидан бошлаб йўл қўйилган қонунбузарликлар масъулларнинг ўзлари ўйлаб чиқарган тўқималарига ўзлари ҳам ишонмасликларини кўрсатади".

У, ҳатто, Би-би-си мухбирини ҳибсга олиш, уйини тинтув қилиш жараёнларида ҳам Тожикистондаги мавжуд қонунчилик қўпол равишда бузилганини исботловчи кўплаб далилларга эга эканини айтган.

"Дейлик, Ўринбой Усмонов 13 июнда ҳибсга олинган бўлса, протокол эртаси куни тузилган. Ҳатто, ҳакам ҳам шу масалани қораловчилардан суриштирса бўларди. Аммо бундай қилинмаган", деб баён қилган ҳимоячи.

Файзинисо Воҳидова, ўз ўрнида, Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинган биринчи кечада қийноққа солингани, Бобожон Ғафуров тумани Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Эраж Давлатовнинг ҳакамнинг такрорий сўровларига қарамай, маҳкама жараёнига келмагани ва унинг мижозига нисбатан ноқонуний муносабатда бўлганини ҳам таъкидлаган.

Ҳимоячи яна, ҳатто, Сўғд вилояти Миллий Хавфсизлик хизмати Тезкор-қидирув бўлими бошлиғи Хуршид Дўсовнинг, "Ҳа, биз хатоларга йўл қўйганмиз", деган сўзлари ҳам инобатга олинмаганини урғулаб ўтган.

Кечаги маҳкама жараёнида кўрсатма берган ва 18 июн куни ҳибсда бўлган Ўринбой Усмонов билан учрашган журналист Илҳом Жамолиён унинг манглайида доғ изини кўриб, Ўринбой Усмоновнинг қийноққа солингани эҳтимолини рад этмагани ҳам қонун бузилганини кўрсатишини айтган.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова қоралов томонининг асосий дастаги бўлган иқрорноманинг ўзи мамлакатдаги мавжуд жиноий қонунчиликда қонуний кучга эга эмаслигини урғулаб, Ўринбой Усмонов мутлақо айбсиз эканини айтиб, унинг оқланишини талаб қилган.

Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячилари, ўз ўрнида, ҳакамдан "ҳибсга олиш, сўроқ қилиш ва тинтув қилиш жараёнида ноқонуний амалларга қўл ургани учун Бобожон Ғафуров тумани Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Эраж Давлатовни жиноий жавобгарликка тортиш"ни сўрашган.

Судланувчи

Маҳкама жараёни якунида сўз олган журналист Ўринбой Усмонов яна бир бор, "Тожикистонда адолатли маҳкама борлигига ишониши, ўзининг мутлақо айбсиз экани ва ўзию номини тўлиқ оқлашлари"ни сўраган.

Шундан сўнг маҳкама жараёнида танаффус эълон қилинган ва унинг эртага маҳаллий вақт билан соат эрталабки 10:00 да давом этиши кутилмоқда.

Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут Таҳрир" диний ташкилотига аъзолик айби билан ҳибсга олинганди.

Аммо орада мазкур айблар ўз исботини топмагач, ушбу фирқага алоқадорлик айби билан маҳкамага тортилмоқда.