Қирғизистонда президент сайловлари олдидан расмий тарғиботлар бошланган.

Image caption Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлардан сўнг Қамчибек Ташиев каби миллатчиларнинг мавқейи кучайган.

Қирғизистонда 30 октябрга мўлжалланган президент сайловларига расмий тарғиботлар бошланган.

Сайловда 10дан ортиқ номзодлар иштирок этмоқда. Бу ўтган йил апрелида кўча намойишлари Президент Бакиевни ҳокимиятдан ағдарганидан буён биринчи сайловлардир.

Қирғизистонда президентнинг қудрати назарияда аввалгидан кўра анчайин чекланган.

Ўтган йилги референдумда Қирғизистон аҳолиси парламент тизимини ёқлаб овоз берди.

Шу тариқа Қирғизистон минтақадаги биринчи парламент республикасига айланди.

Аммо, бу нарса бош вазир Алмазбек Атамбаев дохил 20 номзодни президентлик мусобақасига қўшилишдан тўхтатиб қололмади.

Жаноб Атамбаев асосий номзод сифатида кўрилади. У ўтган йил апрелида зўравонликка айланиб кетган кўча намойишлари Қурманбек Бакиевни қудратдан ағдаргач ҳокимият жиловини қўлга олган сиёсий раҳбарлардан биридир.

Шундан буён ўтган вақт ичида мамлакат драматик сиёсий ўзгаришларни бошидан кечирди.

Жумладан, эркин парламент сайловлари ва президентнинг ваколатларини чекловчи конституциявий ислоҳотлар ўтказилди.

Қирғизистондаги барқарорлик муҳим, чунки мамлакат НАТОнинг Афғонистондаги амалиётлари учун муҳим бўлган минтақадаги АҚШ ҳарбий базасига мезбонлик қилади.

Келаётган сайловлардаги яна бир кўзга кўринган номзод Қамчибек Ташиев ҳисобланади.

У қирғиз миллатчилари орасида машҳур. Ўтган йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлардан сўнг миллатчиларнинг мавқейи кучайган.

Қатор номзодлар, жумладан, жаноб Ташиев ҳам президентнинг қудратини чекловчи ислоҳотларни ортга қайтаришга ваъда берган.