Қозоғистон: янги қонун маъқулланса, давлат идораларида намоз ўқилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Президент Нурсултон Назарбоевнинг диний фаолиятлар ва идоралар тўғрисида кескинроқ қонун қабул қилиш даъватидан уч ҳафта ўтиб, Қозоғистон парламенти қуйи палатаси худди шундай қилди.

Янги қонун лойиҳаси Қозоғистон раҳбарининг ўз мамлакатида диний экстремизмнинг кучайиб бораётганига оид хавотирларига жавоб сифатида кўрилмоқда.

Унда, “Қозоқ халқининг маънавий ва диний ривожланишида Ислом динининг “Ҳанафия” ва насроний динининг “Ортодокс” мазҳаблари тарихий ўрин тутиши” алоҳида урғуланади.

Ўз ўрнида, янги қонун лойиҳасига мувофиқ, барча давлат идораларида намозхоналар бўлиши тақиқланади. Диний маросимларни фақат ишдан бўш вақтлардагина адо этишга рухсат этилади.

Қозоғистоннинг 16.5 миллион аҳолисидан 70 фоизи мусулмон ҳисобланади.

Марказий Осиё минтақасида иқтисодий энг тараққий этгани айтилувчи қозоғистонлик мулозимлар сўнгги пайтларда мамлакатда радикал исломнинг кучайишидан ташвишга тушиб қолишган.

Бунга аҳолиси зич ва қашшоқлашиб қолган Фарғона водийсига туташ минтақанинг қолган уч давлати – Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги айни муаммо билан боғлиқ вазият сабаб экани айтилади.

Ўтган ой Қозоғистон ғарбида “террорчилик амали”ни режалаётган бир гуруҳ экстремистларнинг қўлга олинганига оид хабар мамлакатдаги кўпчиликни безовта қилмай қўймаган.

Янги қонун лойиҳасини тақдим этаркан, Қозоғистон ҳукуматининг Диний ишлар бўйича идораси раҳбари Қайрат Лама Шариф, “Ушбу ғоя Қозоғистондаги дунёвий давлатчиликнинг асосини ташкил этгани учун ҳам, бирор бир дин ўзини расмий ёки мажбурий, деб тақдим этолмаслиги”ни урғулаган.

Қозоғистонлик масъул, ўз ўрнида, “Ҳозир Қозоғистонда радикал диний ғоялар тарқалишига имкон бермасликнинг энг қиёмига етган нуқтаси экани”ни айтган.

Қозоғистоннинг Ақтўба вилояти шу йил ёз ойларида Афғонистон билан чегарадош қўшниларида кузатилгани каби қатор ҳужумлар ва портлашларга ҳам саҳна бўлди. Бу эса, мамлакатда исломий жангарилик бош кўтармаяптимикан, деган саволларга ҳам етаклади.

Мамлакат маҳкамаси террорчилик ва диний адоватни тарғиб этади, деган қарорга келиши ортидан, Қозоғистонда ўтган ой қатор хорижий веб саҳифалар вақтинчалик тақиқлаб қўйилди.

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ, бундан ташқари, расмий рухсатномасиз Қозоғистонда хорижий миссионерлик фаолиятини олиб бориш ҳам ман этилди.

Ўз ўрнида, “Агарда конституцион тузум ва жамоат тинчлигига аниқ таҳдид солгудек бўлса, ўша миссионернинг Қозоғистондан чиқариб юборилиши” ҳам кўзда тутилган.

Лама Шариф жаноблари президент Назарбоев билан ҳамоҳангликда Қозоғистонда ўзбошимча масжид қуриш ҳолларини танқид қилишни ҳам унутмади.

Янги қонун лойиҳасининг Қозоғистон Сенати томонидан ҳам қўшқўллаб маъқулланиши кутилмоқда.