Қозоғистон ва Хитой товар айирбошлаш ҳажмини икки баробарга оширмоқчи

Image caption Қозоғистон ва Хитой мисли кўрилмаган чегара савдо марказини барпо этишмоқда

Қозоғистон ва Хитой 2015 йилга келиб икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини икки баробарга оширишга келишишган.

Бу ҳақда Хитой парламенти раиси У Банго ва Қозоғистон Сенати раиси Қайрат Мамининг учрашувидан сўнг эълон қилинган.

Қозоғистон собиқ совет давлатлари орасида Россиядан кейин Хитойнинг иккинчи йирик иқтисодий ҳамкори саналади.

Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 миллиард доллардан ошиб кетган.

2015 йилда уни 40 миллиард долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Аввалроқ икки давлат ўртасида 1 миллиард долларлик сармоя жамғармаси ташкил этишга келишилган.

Қозоғистон Туркманистондан Хитойга узанган Хитой-Марказий Осиё газ қувурининг муҳим бўғини ҳисобланади.

Хитой Қозоғистоннинг энергетика соҳасига миллиардлаб доллар сармоя киритган.

Қозоғистон нефт ва рангли металлар билан бир қаторда ўз уранининг асосий қисмини ҳам Хитойга экспорт қилишни мўлжалламоқда.

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон 2012 йилга келиб Хитой корхоналарининг уран хомашёсига эга бўлган эҳтиёжининг 40 фоизини қоплашини айтган.

Чегара савдоси

Қозоғистон ҳозирда Хитой билан чегарада "дунёда муқобили йўқ" чегара олди савдо марказини бапо этмоқда.

Икки мамлакат чегарасида жойлашган Хоргос чегара олди халқаро ҳамкорлик марказининг катталиги 528 гектарни ташкил қилади.

Ушбу ҳудудда савдо-сотиқдан тортиб, бизнес юритиш имконлари бўлиши ваъда қилинмоқда.

Марказ қурилгач, икки давлат фуқаролари унинг ичида визасиз савдо-сотиқ қилишлари мумкин бўлади.

Ҳамкорлик маркази доирасида Қозоғистон ўз ҳудудида 70 минг кишилик туман қурмоқчи, Хитой эса бошланишига 250 мингдан зиёд аҳолиси бор шаҳар қуришни режалаштирган.

Норозиликлар

Қозоғистон ҳукуматининг Хитой билан иқтисодий ҳамкорлигидан ҳамма ҳам мамнун эмас.

Шу йил майида қозоқ мухолифати Олма-Отада мамлакат бойликларининг Хитойга "арзон гаровга" сотилаётганига қарши норозилик намойишини ўтказган.

Мухолифат қозоқ ҳукуматидан Хитой ва бошқа хорижий давлатлар билан шартномалар тафсилотларини ошкор этишни талаб қилган.

Мухолифатга кўра, Қозоғистонда ишлаб чиқариш суръати пасайган.

Бир вақтлар оғир ва енгил саноатда етакчи ўринларда турган Қозоғистон бугунги кунга келиб истеъмол молларининг энг катта импортчисига айланиб қолган.

Ҳаттоки гўшт, картошка маҳсулотлари Покистон ва Австралия сингари давлатлардан олиб келиниши айтилди.

Айрим қозоғистонликлар Хитойдан олинаётган қарзлардан ҳам хавотирдалар.

Қозоғистон сўнгги йилларда Хитойдан 19 миллиард доллар қарз олган.

Мамлакатнинг ташқи қарзи 120 миллиардни ташкил этади.

Қозоғистон мухолифатига кўра, аҳолиси 16 миллион бўлган Қозоғистон учун бу катта рақамдир.