Қозоғистон Қирғизистонга беғараз ҳарбий ёрдам кўрсатади

Image caption Ўтган йилги зўравонликларда қирғиз армиясининг роли танқид қилинган

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси Қирғизистонга беғараз ҳарбий-техник ёрдам ҳақидаги келишувни ратификация қилган.

Унга мувофиқ, қозоқ томони қўшни давлатга ҳарбий жиҳозлар етказиб беради.

Келишувда қирғиз томонига бу жиҳозлар ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини учинчи томонга бермаслик мажбурияти юкланган.

Қозоғистон мудофаа вазирлигига кўра, ҳарбий ёрдамнинг умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг.

Қозоқ расмийлари ҳарбий ёрдамнинг Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида кўрсатилаётганини айтишган.

Ўтган йилги этник зўравонликларда қирғиз армиясининг роли танқид қилинган.

Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларни ўрганган халқаро комиссия ҳодисалар чоғида қирғиз оломон ҳарбий техника, жумладан, танкларни осонлик билан қўлга киритгани, аскарларга қуролсиз фуқароларни ҳимоя қилиш борасида аниқ-таниқ буйруқлар берилмаганини айтган.

Арзон газ

Қозоғистон ва Қирғизистон шунингдек, табиий газ етказиб беришга доир келишувни ҳам имзоланган.

Унга мувофиқ, Қирғизистон Қозоғистонга 1000 кубометр газ учун 195 доллар ҳақ тўлайди.

Бу Қирғизистон Ўзбекистондан сотиб олаётган газ нархидан 115 долларга арзон, демакдир.

Икки давлат расмийларига кўра, ушбу келишувга биноан Қирғизистон жаъми 300 миллион долларлик газ сотиб олади.

Ҳозирда Қирғизистон Ўзбекистондан газни 278 доллардан сотиб олади, аммо октябрдан бошлаб бу нархнинг 310 долларга кўтарилиши кутилмоқда.

Қозоғистон Қирғизистонга сотадиган газнинг асли ўзбек гази экани айтилади.

Айни пайтда Қозоғистон Қирғизистоннинг электр энергияси учун нархни арзонлаштиришни талаб қилмоқда.

Қозоқ томонига кўра, Қирғизистон етказиб берадиган электр энергиясининг таннархи паст ва шу боис арзонлаштирилиши керак.