Қирғизистон Россия билан ҳамкорликда “Манас”даги АҚШ базасини ёқилғи билан таъминламоқчи

Аён бўлишича, бундан буёғига Қирғизистон Россиянинг “Газпром” ширкати билан бирга америкаликларнинг пойтахт Бишкекдаги “Манас” аэропортида жойлашган ҳаво базасини 50 фоиз ёқилғи билан таъминламоқчи.

Ҳаво базаси Афғонистондаги халқаро иттифоқ кучлари учун муҳим транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

Америка томонининг расмий ҳисоб-китобларига кўра, жорий пайтда Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини дастаклаш учун Нато иттифоқи "Манас"даги транзит маркази орқали кунига 3.5 мингта аскар ва олти минг тоннадан ортиқ ҳар хил юкларни ташиб ўтади.

“Манас" ҳаво базасини ёқилғи билан таъминлашга оид шартномалар собиқ қирғиз президенти Қурмонбек Бакиев вазифасидан четлатилган апрел ойидан буён коррупцияга оид даъволар гирдобида қолиб келади.

Унинг ўрнига қудратга келган қирғиз муваққат ҳукумати Бакиев оиласини бу каби битимлардан адолатсиз бир равишда фойда олганликда айблайди.

Айни иш юзасидан Қирғизистон Бош прокуратураси тергов ишларини ҳам йўлга қўйганди.

Ўтган апрел ойидаги оммавий намойишлар ортидан қудратдан четлатилган президент Бакиев ҳозир Беларусда муҳожиратда ҳаёт кечиради.

АҚШ Конгресси ҳам ўтган йил “Манас”даги АҚШ ҳаво базасини ёқилғи билан таъминлашга оид тужжорий битимлар юзасидан ўз текширув ишларини олиб борганди.

Текширув жараёнида бирор бир қинғирлик аниқланмаган эса-да, якуний ҳисоботда тизим шаффоф эмас, деган хулосага келинганди.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчисига кўра, ёқилғи таъминотига оид янги битим Американинг Мудофаа таъминоти идораси ва “ГазпромнефтьАэро-Киргызстан” қўшма корхонаси орасида имзоланган.

“Келаси бир неча кун ичида транзит маркази ёқилғига бўлган эҳтиёжининг 20 фоизи бу икки ширкат томонидан етказиб берилади”, деб айтган АҚШ элчиси Памела Спратлен.

Унга кўра, уч ой ичида ҳаво базасига лозим бўлган ёқилғининг тенг ярмини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланиши мумкин.

Лозим бўлган ёқилғининг қолган қисми эса, Америка томони ўтган ноябр ойида келишув имзолаган Гибралтарда жойлашган Mina Corp. Ширкати томонидан келтирилади.

Айрим маълумотларга кўра, Американинг “Манас”даги ҳаво базаси йилига 360.000-400.000 тоннагача ёқилғи сарфлайди.

Бунча миқдордаги маблағ йилига 300-400 миллион АҚШ долларига тушади.

"Манас" ҳаво базасини ёқилғи билан таъминлашга оид миллионлаб долларлик битимлар қашшоқлашиб қолган, аммо Россия, АҚШ ва Хитой ўз таъсир доирасига олишга уринган стратегик жиҳатдан муҳим Қирғизистонда нозик масала саналади.

Айрим маълумотларга қаралса, “Манас” базаси орқали Американинг Қирғизистон иқтисодига қўшган ҳиссаси ўтган йил 123.6 миллион долларга етган.

Шу йил сентябр ойида Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева АҚШ ҳаво базаси ижара ҳақларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида махсус ташкилот тузишга ҳам буйруқ берганди.