Тожикистонда терговчилар ўқувчиларни ким пахта йиғим-теримига жалб этганлигини текширишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тожикистондан олинган хабарларга кўра, жанубий Хатлон вилоятининг бир қанча туманларида мактаб ўқувчиларининг мажбурий пахта йиғим-теримига жалб этилишлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Хатлон вилояти Тожикистоннинг асосий пахта етиштирувчи минтақаси ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Восе туманида прокуратура ўқувчиларни пахта йиғим-теримига жалб этганликлари учун халқ маориф бўлими ходимлари фаолиятини текширишни бошлаган.

Тергов ишлари натижаси ҳақида гапириш ҳозирча эрта эканини таъкидлаган мухбирларимизга кўра, бу - Тожикистонда болаларни пахта йиғим-теримига жалб этганликлари учун маҳаллий амалдорларга қарши очилаётган илк жиноий ишдир.

Таҳлилчиларга кўра, мамлакат масъулларининг бу каби ғайриодатий қарорига Оврўпо ва Америкадаги қатор йирик ширкатларнинг айнан болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун Тожикистон пахтасини сотиб олмасликларига оид хабарлар сабаб бўлган.

Пахта Тожикистон четга экспорт қилаётган иккинчи йирик маҳсулот ҳисобланади. Ва Тожикистон четга пахта сотишдан олаётган даромад - давлат бюджетининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Аммо, Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, сўнгги янгиликни тожикистонлик мулозимларнинг ҳақиқатда ҳам мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш қайғусида эканликлари белгиси сифатида кўрмаслик керак.

"Менимча, бу каби хулосага келишга ҳалича эрта. Улар фақат халқаро ҳамжамиятга ушбу муаммога қарши курашяпмиз ёки курашиш мақсадидамиз, деб кўрсатишмоқчи", дейди у.

Мухбиримиз бу йил ҳам расмийларнинг кескин раддияларига қарамай, Тожикистоннинг турли минтақаларида ўқувчиларнинг пахта йиғим-теримига жалб этилишаётганига ўзи гувоҳ бўлгани, аммо бу каби ҳолатлар ҳар доимгидек, ўқувчиларнинг ўз хоҳишлари билан, дарсдан ташқари вақтларда ёки ота-оналарига иқтисодий жиҳатдан ёрдам бериш учун қилаётган ишлари сифатида талқин этилаётганини урғулайди.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, ҳали бундан икки йил бурун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўқувчилар ва талабаларнинг пахта йиғим-теримига сафарбар этилишларини буткул ман этган.

Лекин шунга қарамай, мамлакат оммавий-ахборот воситалари орада кечган вақт давомида Тожикистоннинг турли минтақаларида, айниқса, шимолий Сўғд вилоятида ўқувчилар ва талабаларнинг меҳнатидан кенг фойдаланилаётгани ҳақида хабар бериб келишади.

Тожикистон қонунчилигида бу каби ҳоллар учун маъмурий жазо чоралари, дейлик, муайян миқдордаги жаримани кўзда тутади.

Шунинг учун ҳам жавобгар мулозимларнинг жиддий жазоланишлари ҳақида гапириш ўринсиз, дейди мухбиримиз.

Лекин шунга ўхшаш ҳолатлар такрорий равишда содир этилгани аниқланса, уларга қарши жиноий иш ҳам очилиши мумкин.

Ўтган йил АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон қатори Тожикистон пахтасини ҳам болалар мажбурий меҳнати асосида етиштирилган маҳсулотлар рўхатига киритганди.