Ўш ҳокими шаҳардаги ўзбек мактабларида қирғиз тилида таълим берилиши шарт демоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc uzbek

Қирғизистоннинг ўтган йил қонли миллий низоларга саҳна бўлган жанубий Ўш шаҳар ҳокими шаҳардаги ўзбек мактабларида таълим қирғиз тилида берилиши шарт эканини айтган.

Ҳоким Мелис Мирзакматов бу ҳақда қолган МДҲ давлатлари қатори Қирғизистонда ҳам 1 октябр куни нишонланувчи Ўқитувчилар куни муносабати билан қилган чиқишида айтган.

У ўз таклифини давр талаби, дея изоҳлаган.

Жаноб Мирзакматовга кўра, "Маориф ва Фан вазирлиги Ўш шаҳар таълим бошқармаси билан бирга ўзбек мактабларида қайси фанларнинг ўзбек тилида ўқитилишини кўриб чиқиб, ўз таклифларини билдиришади".

Ўш шаҳар ҳокимининг баён қилишича, ўзбек ёшларининг тўлақонли махсус ўрта ва олий таълим олиш, иш топиш йўлида тўқнаш келаётган муаммоларини ҳал этиш учун шундай ғоя билан чиққан.

"Қатор тадқиқотлар кириллчада ўқитилмагани боис, ўзбек тилидаги мактабларни битирган ёшларнинг ўз таҳсилларини давом этдириб, олий таълим ололмасликларини кўрсатди", деб айтган жаноб Мирзакматов.

"Майли, улар ўзбек тили, адабиёти ва тарихини ўзбек тилида ўқишсин, аммо бошқа фанлар қирғиз тилида олиб борилиши шарт. Фақат шундай бўлган тақдирдагина, улар ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қирғизистонда ўз таҳсилларини давом этдиришлари мумкин бўлади".

Қирғизистондаги маориф масалаларидан яхши бохабар Ўш шаҳар яшовчиси Абдуллажон Зокиров ҳоким Мирзакматов ташаббусининг ижобий томонлари ҳам бор, дейди.

Унга кўра, "Ўзбек тили ва адабиётидан ташқари, қолган фанларнинг кириллчада давлат тилида ўқитилиши, балки, ҳозирги муаммоларни ҳал қилиши ҳам мумкин. Чунки ўрта мактабни битирган билимли ёшлар қирғиз тилида ва кириллчада ёзилган мураккаб тест саволларини тушунмай, имтиҳон топширишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Кўплари ўқий олмасдан қолишяпти".

Мутахассисга кўра, шу пайтгача айни муаммони ўзбек мактабларида рус ва қирғиз синфларини ташкил этиш билан ҳал этишга бўлган ҳаракатлар ҳам кузатилган.

"Мана, Ўш шаҳридаги В.И. Ленин номли ўрта мактабда ана шундай синфлар очилди. У ерда болалар тўлақонли таълим олиб юришибди", дейди Абдуллажон Зокиров.

Аммо Ўшдаги ҳаммани ҳам шаҳар ҳокимининг сўнгги ташаббуси ҳақида ижобий фикрда деб бўлмайди.

Дейлик, ўшлик Адолат опа шаҳарнинг ўзбек аҳолисига алоқадор бундай ташаббуснинг қонли миллий низолардан бор-йўғи бир йил ўтиб ва қўққисдан эълон этилишидан хавотирда.

"Ўтган йилги июн воқеалари, ўша қайғули кунлар ҳали одамларнинг кўнгилларидан кетганича йўқ. Орадан бор-йўғи бир йил ўтиб, дарҳол ўзбек аҳолисига бундай таклиф билан чиқилиши уларга оғирроқ ботармикан, деб ўйлайман".

Адолат опа ўзбек мактабларида таълимни қирғиз тилига ўтказиш ташаббусининг барча тафсилотлари, айниқса, мамлакат жанубида ишсизлик ҳолларининг янада кучайиб кетиши эҳтимоли аввалдан чамалаб кўрилмаганидан ҳам ташвишда эканини айтади.

"Агар ўзбек тили, адабиёти ва тарихи ўзбек тилида, қолган фанлар қирғиз тилида ўқитилсин, дейиладиган бўлса, бунга айнан қирғиз ўқитувчилари жалб этиладими ёки ўзбек ҳамкасбларими? Агар қирғиз ўқитувчилари жалб этиладиган бўлса, ўзбек муаллимлари нима иш билан шуғулланишади?"

Қирғизистон Маориф ва Фан вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, мамлакатда ўқитиш ўзбек тилида юритилган мактабларнинг сони икки юздан ортади.

Ва бу мактабларда 100.000 дан зиёд бола таҳсил олади.

Бу мактабларнинг 11 таси Ўш шаҳрида жойлашган.