Қирғиз парламенти президент Назарбоев номзодини Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурмоқчи

Қирғизистон парламенти спикери Ахматбек Келдибеков шахсий ташаббус билан чиқиб, қўшни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзодини 2012 йилги Нобел Тинчлик мукофотига илгари суришни таклиф этган.

Спикернинг ташаббусини парламентнинг кундалик йиғинида ҳозир 113 та вакилдан 91 таси қўллаб-қувватлаган.

Энди эса, вакиллар спикер Келдибеков таклифини Норвегия парламентига юбориш масаласида бир қарорга келишлари лозим бўлади.

Ахматбек Келдибековнинг баён қилишича, "тинчликни сақлаш йўлидаги фаолияти ва глобал ядровий қуролсизланиш жараёнида етакчилик қилаётгани учун" Қозоғистон президенти ушбу шарафга лойиқдир.

Аммо унинг баёноти парламент вакиллари томонидан бир хил қарши олинмаган.

Саноқли бўлса-да, вакиллардан айримлари ушбу таклифга йиғиннинг ўзида ошкора норозиликларини изҳор этишган ва спикернинг ташаббусини "лаганбардорлик", деб баҳолашган.

Марказий Осиё минтақасидаги энг қашшоқ давлатлардан бири саналган Қирғизистон иқтисодий жиҳатдан ўзига тўқ қўшниси Қозоғистонга ниҳоятда қарам.

Қозоғистон Қирғизистонга ёқилғи, озиқ-овқат ва бошқа кўмакларни кўрсатиб келади.

Куни-кеча Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси Қирғизистонга умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг беғараз ҳарбий-техник ёрдам ҳақидаги келишувни ратификация қилганди.

Бундан ташқари, Қозоғистон яқинда Қирғизистонга Ўзбекистон газига қараганда деярли 60 фоиз арзонга тушадиган нархда газ етказиб беришга ҳам қарор қилди.

Аммо Қирғизистон парламенти вакилларининг қарорига қозоғистонлик мулозимлар ҳозирча ўз муносабатларини билдиришмаган.

Дунёдаги энг нуфузлиларидан бири саналган Нобел Тинчлик мукофотининг бу йилги ғолиби 7 октябр куни маълум бўлади.

Қирғизистон парламенти шу йилнинг феврал ойида Тянь Шань тоғининг чўққиларидан бирига Россия Бош вазири Владимир Путиннинг номини беришга ҳам қарор қилганди.

Бундан аввал эса, Қирғизистондаги чўққилардан бири Россиянинг илк президенти Борис Ельцин номи билан ҳам аталганди.

Агар рақамларга қаралса, 5.5 миллион аҳолиси бўлган Қирғизистоннинг 500.000 дан 800.000 тагача бўлган фуқароси Россияда меҳнат муҳожирлигида банддир.

Улар ортга юбораётган маблағ эса, Қирғизистон давлат бюджетининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Назарбоев ва Нобел Тинчлик мукофоти

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев номзоди бу каби олий мукофотга қайта-қайта илгари сурилаётган илк Марказий Осиё президентидир.

Шу йил август ойида Норвегиянинг Bike for Peace ноҳукумат ташкилоти Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзодини Нобел Тинчлик мукофотига таклиф этганди.

Ташкилот ҳам ядровий қуролсизланиш жараёнига қўшган улкан ҳиссаси учун жаноб Назарбоев ушбу мукофотга лойиқ эканини урғулаганди.

Яъни собиқ Шўролар Иттифоқининг илк атом қуроли синаб кўрилган Семипалатинск ядро полигони 1991 йилда Қозоғистон ҳукуматининг қарори билан ёпилганди.

1949 йилда ишга туширилган полигон собиқ Шўролар ҳудудидаги энг йирикларидан бири саналарди.

Бундан ташқари, ўтган йил ҳам Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзоди бу йилги Нобел Тинчлик мукофотига тақдим этилганди.

Бу каби таклиф билан Турк Халқлари Умумжаҳон Ассамблеяси чиққанди.

Бундан аввал ҳам икки америкалик конгрессмен ва Қозоғистон Халқ Ассамблеяси томонидан жаноб Назарбоевнинг номзоди Нобел Тинчлик мукофотига илгари сурилган.

Аммо ҳар икки гал ҳам қозоқ раҳбарига ушбу шарафли унвон насиб этмаган.

Собиқ Шўро раҳбарларидан Михаил Горбачевгина Нобелнинг Тинчлик мукофотини қўлга киритишга муваффақ бўлган.