Қозоғистонда рус тилига берилган мақомни бекор қилиш талаб қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Олма ота шаҳрида бўлиб ўтган митингда намойишчилар конституцияда рус тилига берилган мақомни олиб ташланишини талаб қилган. Аҳолисининг 60 фоизини қозоқлар ташкил қилувчи Қозоғистонда давлат ишлари асосан рус тилида юритилади.

Намойиш иштирокчилар шу билан бирга мамлакат президенти Назарбоевни ҳам фақат қозоқ тилида сўзлашга чақирган.

Талаблари бажарилмайдиган тақдирда мухолиф ва жамоатчилик вакиллари ушбу масалани майдонда узликсиз намойишлар ўтказиш орқали ечиш билан таҳдид қилишган.

Оқўрда давлат тили тақдирини ечмаса, биз майдонда ечамиз, деган ҳайқириқни 500 атрофидаги тўпланганлар олқишлар билан қарши олмоқда.

Олма отада қозоқ тилининг мақомини кўтариш борасидаги бундай намойиш ҳар йили ўтказилади.

Бу сафарги митингнинг олдингилариданг фарқи шундай бўлди-ки, бир гуруҳ зиёлилар ва мухолифат вакиллари намойишдан сал олдинроқ Элбоши Назарбоевга мурожаат билан чиқиб конституциядаги рус тилига берилган мақомни олиб ташлашни сўрашди.

Аҳолисининг аксар қисми русийзабон бўлган Қозоғистонда ушбу таклиф кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамиятда кенг акс садо бериши ортидан мактубга имзо чекккан айрим мухолифат ва жамоат вакиллари биз рус тилига берилган давлат мақомини олиб ташланишини истамаганмиз дея чиқишларга қилишга мажбур бўлди.

"Ўрис тилининг халқаро тил эканлигига ҳеч кимнинг эътирози йўқ. Бироқ, ўрис тилли матбуот ва ўзимизнинг айрим чала қозоқ қариндошларимиз, "булар ўрис халқига, ўрис тилига қарши чиқаяпти", деган тўпалон кўтарди. Бу - адолатсизлик", - дейди намойиш ташкилотчиси таниқли қозоқ адиби Мухтор Шохонов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Таниқли қозоқ адиби Мухтор Шохонов намойиш ташкилотчиларидан

Намойишчиларга кўра икки тил бир вақтнинг ўзида давлат тили бўла олмайди. Аввало ҳукумат қозоқ тилининг мавқеини ошиши учун ҳаракат қилиши керак. Ҳукумат вакиллари қозоқ тилининг мавқеини кўтариш учун кўпроқ муддат керак эканлигини таъкидлайди.

"Қозоғистон-Zaman" газетасининг бош муҳаррири Ертай Айғалиули қозоқ тилини ўрганиш ва уни тадбиқ қилиш учун ўтган 20 йил етарли вақт бўлганини айтади.

"Америкаликлар тилимизни 6-7 ойнинг ичида ўрганаяпти. Яъни, ўрганиш учун мажбурият яратиш керак. Агар мажбурият бўлса, мамлакатдаги ҳамма тилни буткул ўрганиб олади. Шу сабабдан, бу нарса учун кўп вақт талаб қилинмайди", - дейди Ертай Айғалиули.

Намойиш иштирокчилари яна бир бор конституциядан рус тилига берилган мақомни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилишди.

Педагог Лаззат Омарова қозоқ тили билан боғлиқ муаммода фақат ҳукуматнинг айбини кўрмайди. Асл муаммо қозоқ халқинининг озлигида дейди у.

"Тил борасида энг асосий муаммо бу халқимиз сонининг озлиги. Мисол учун, бизни ўзбек ва украин билан тенглаштириб бўлмайди. Чунки уларнинг сони биздан бир неча баробар кўп. Бу ерда сиёсат, ҳукумат ёки Назарбоевнинг ҳам айби йўқ", - дейди Лаззат Омарова.

Мухолифатнинг яна бир намоёндаси Хўжа Ахмет Ҳасан бундай намойишлардаги баландпарвоз сўзларга ишониб қолмасликни таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Халойиқ, мана бундай йиғлаб сиқтаганларга ишонманглар. Уларнинг ҳаммаси қалбаки мухолифат. Бу мухолифат Назарбоев бошчилигида тузилган. Уларнинг баландпарвоз сўзларига ишониб қолманглар. Ҳаракат қилиш керак", - дейди Хўжа Ахмат Ҳасан.

Ўролжон Масатбаев ҳукуматдаги Нур Отан партиясининг аъзоси. Ўролжон оға қудратдаги партия тил борасидаги тадбирлардан четда қолаётганидан афсусланади.

"Нур Отан партияси мухолифат партиялар билан яқинлашса деган тилакларим бор. Нур отан партияси кучли бўлгани билан, халқ ва унинг маданияти ва тилига унча аралашмайди", дейди Ўролжон Масатбаев.

Ўролжон оғага кўра, тил масаласини йилда бир кун намойиш ўтказиш билан ечиб бўлмайди.

"Йилда ҳар куни шу борасида бирор иш қилиниши керак. Ва албатта бунинг учун вақт масаласи ҳам асосий роль ўйнайди", дейди у.

Ҳозирча эса, мамлакатдаги қозоқлар ва бошқа миллат вакиллари қозоқ тилини унутиб юбормаслиги учун ҳофизлар мисраларни куйга солиб куйламоқда.