БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашида Би-би-си мухбири айбловларини олиб ташлаш тавсия этилди

Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашида ҳисобот берган Тожикистон ҳукумати ҳайъатига Америка Қўшма Штатлари вакили Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонга нисбатан илгари сурилган айбловларни олиб ташлашни тавсия этган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг универсал даврий қайта кўриб чиқиш мажлисида Тожикистон ҳукумати ҳайъати раҳбари, Адлия вазири Бахтиёр Худоёров ҳисоботи тингланган.

Ҳисобот муҳокамасида гапирган Америка Қўшма Штатлари вакили Жон Мариз Тожикистон ҳукуматига бир неча тавсияларни берган.

Америка вакили Тожикистон ҳукуматининг Адлия тизими ва қонунчиликни яхшилашга қаратилган ҳаракатларини олқишлаган, аммо беш тавсияни тақдим этган.

Улардан бири Тожикистондаги ВВС мухбири Ўринбой Усмонга қўйилган "айбловларни олиб ташлаш".

АҚШ вакили, шунингдек, Тожикистон шимолида ҳибсга олинган Маҳмадюсуф Исмоилов вазиятидан ташвиш изҳор этган ва мамлакати ушбу мухбирнинг тақдири ҳам унга зарар етказилмаган ҳолда ҳал этилишиги умид қилишини билдирган.

Америка вакили Тожикистонда яқинда қабул қилинган ота-оналар масъулиятиги оид янги қонун борасида ҳам ўз норозилигини билдирган.

Ушбу қонундаги баъзи бандларнинг фуқароларнинг диний эркинлигини бузишини айтган.

Ушбу қонун 18 ёшгача бўлган инсонларнинг масжидга боришларини тақиқлайди.

Шунингдек, Америка томони жамоат жойларида аёлларнинг рўмол ва ҳижоб ўрашини тақиқлаган қарорни бекор қилишга чақирган.

Америка Тожикистон ҳукуматидан Тожикистон диний уламолари томонидан қабул қилинган аёлларнинг масжидга боришларини тақиқлайдиган фатвони қайта кўриб чиқишга чақирган.

Ҳисобот муҳокамасига гапирган Россия вакили Тожикистон ҳисоботини ижобий баҳолаган, Тожикистон ҳукуматининг қашшоқлик ва одам савдосига қарши олиб бораётган ҳаракатларини мақтаган.