Қозоғистон ғарбидаги нефтчилар ўз талабларидан воз кечиш ниятида эмас

Иш ташлаган қозоқ нефтчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистон ғарбида бешинчи ойдирки нефт соҳаси ишчиларининг иш ташлаши давом этар экан, Олмотида халқаро нефт ширкатларининг йиллик анжумани бўлиб ўтмоқда.

Би-би-си мухбири Райҳон Демитрийга кўра, нефт ишчиларининг норозилиги Қозоғистон тарихидаги энг узоқ давом этган иш ташлаш амалиёти бўлмоқда.

Нефтга бой Қозоғистон учун ҳар йили ўтказиладиган нефт ва газ анжумани мамлакатнинг ривожланган энергия секторини кўз-кўз қилиш ва хорижий сармояларни жалб қилиш учун имкониятдир.

Лекин, костюмдаги кишилар Олмотининг энг ҳашаматли меҳмонхоналаридан бирида ўтаётган анжуманга йиғилар эканлар, юзлаб нефт ишчилари ғарбдаги Жанаозен шаҳрида намойишларини давом эттиришаётир.

Беш ойдирки ишчилар туну-кун шаҳардаги бош хиёбонни эгаллаб олиб, яхшироқ иш шароитлари ва каттароқ маош талаб қилишмоқда.

Ёз бошларида намойишга қўшилган яна бир неча минг ишчи "Казмунайгаз" ширкатининг юзлаб ходимларини ишдан бўшатиш таҳдиди ортидан ишга қайтдилар.

"Казмунайгаз" ишчиларнинг талабларини асоссиз деб билади. Унга кўра, маошлар шундоқ ҳам юқори.

Маҳаллий ҳокимият ҳам намойишчиларга босимини оширган.

Август ойида касаба уюшмаси ҳуқуқшуноси ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқаргани учун олти йилга қамалди.

Бугунга келиб ишларидан айрилган ишчилар ва нефт ширкати ўртасидаги можаро замонавий Қозоғистон тарихида мисли кўрилмаган воқеадир.

Намойишчилар орқага чекилиш ниятлари йўқлигини билдиришган.