Туркманистонда Озодлик мухбирига беш йиллик қамоқ жазоси тайинланди

Довелетмурат Азиқулиев
Image caption Матбуот ташкилотлари Довелетмурат Азиқулиевнинг касбий фаолияти учун қамалганини айтишади

Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотининг хабар қилишича, Туркманистонда ўтган июл ойида юз берган портлашлар ҳақида маълумот тарқатган журналист беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Озодлик радиосининг туркман хизматига хабарлар узатган Довлетмурат Язиқулиев 27 сентябрда ҳибсга олинган ва ўз қариндошини суиқасдга етаклаганликда айбланган.

У матбуот гуруҳлари "томоша" дея тасвирлаган икки кунлик маҳкама иши охирида чоршанба куни жазога ҳукм этилган.

"Чоршанба куни маҳкама иши соат тушки тўртда бошланди ва бир неча соатдан сўнг у беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди," деб айтди Чегара билмас мухбирларнинг Париждаги вакили Йохан Бийр Франс Пресс агентлигига.

"Бутун жараён хўжакўрсинга қўйилган томошани эслатди", - деди у.

Язиқулиев Туркманистон пойтахти Ашхободдан узоқ бўлмаган ҳудудда 7 июл куни портлаган қурол-аслаҳа омборхонаси ҳақида хабар тарқатган биринчи журналистлардан эди.

Расмийлар зудлик билан ҳудудни ўраб олганлар ва 15 киши ҳалок бўлганини маълум қилганлар. Бироқ туркман мухолифати аслида юзлаб одамлар ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини даъво қилади.

Ободон шаҳридаги омборхонада юз берган портлаш натижасида оғир қуроллар ўқлари хатто бир неча чақирим масофадаги ерларга бориб тушгани қайд қилинган.

Язиқулиев фожеа ортидан хавфсизлик идорасига чақирилган ва "туҳмат тарқатиш"ни тўхтатмаса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

Чегара Билмас Мухбирлар мазкур иш Президент Гурбагули Бердимуҳамедовнинг демократия сари қадам қўйиш ваъдаларидан фарқ қилишини билдиришди.

Қароргоҳи Прагада жойлашган Озодлик радиоси раҳбари Стивен Корн жазони "даҳшат" дея тасвирлади.

"Бу сохта маҳкама ва йиртқичларча берилган жазо Туркманистон раҳбарияти умуман қонунни ҳурмат қилмаслиги ва матбуотга муносабатларга келганда ҳеч қандай мезонларга бўйсунмаслигини кўрсатди," - деди у.