Қозоғистон Путиннинг Оврўосиё Иттифоқи ғоясини хушқаршилади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев
Image caption Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев

"Россия Бош вазири Владимир Путиннинг собиқ Совет республикаларини бирлаштириб, "Оврўосиё Иттифоқи" номли янги тизимни тузиш режаси Ғарб ҳукуматлари томонидан хавотир билан кутиб олинган бўлиши мумкин, аммо Қозоғистонда бу хабар хушқаршиланди", деб ёзади Британияда чоп этилувчи "Дейли Телеграф" газетаси.

Мақола муаллифи "Оврўосиё ғояси илк бор Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан Шўролар Иттифоқи парчаланганидан 3 йил ўтиб, 1994 йилнинг май ойида Москва Университетига ташрифи чоғи тилга олинган"ини эслатади.

Ўшандан бери Қозоғистон Шўро тузумининг эски инфратузилмасига эга Марказий Осиёнинг қолоқ бир давлатидан иқтисодий томонлама бақувват, глобал энергетика таъминотчисига айланди.

Аммо, Ғарбдан ва яқиндан бери Хитойдан кириб келаётган йирик ҳажмли сармояларига қарамай, Қозоғистон Россия билан алоқаларини маҳкам тутган.

Мақолада Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ахборот қўмитаси раиси Роман Василенконинг сўзлари келтирилади: "Қозоғистон ва бевосита Президент Назарбоевнинг ўзи ҳар доим Россия ҳамда бошқа собиқ СССР мамлакатлари билан билан яқинроқ иқтисодий алоқалар тарафдори бўлган".

Қозоғистон Россия ва Белорус билан бирга тузилган Божхона иттифоқининг ташаббускор аъзоси саналади. Путин жаноблари мазкур иқтисодий бирлашмани келажакдаги Оврўосиё Иттифоқи учун пойдевор сифатида кўради.

Россиядаги "Известия" газетасида чоп этилган мақоласида у Оврўосиё Иттифоқи СССРга қайтиш бўлмаслигини, кўпроқ Оврўпо Иттифоқига ўхшаш бир тузилма бўлишини айтган. Жаноб Путинга кўра, янги иттифоққа Марказий Осиёга узайиши, жумладан, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳам аъзо бўлиб кириши назарда тутилади. "Дейли Телеграф" шунингдек, жорий йил Божхона иттифоқи фаолият бошлаганидан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон учун Қозоғистон ҳамда Россия билан бож тарифлари ошгани, бунинг ортидан эса, ушбу давлатлар сиёсий раҳбарлари иттифоққа қўшилиш юзасидан босим остида қолишганини тилга олади.

Ҳозирда Қирғизистон ягона Божхона иттифоқига аъзолик учун расман мурожаат қилган, Тожикистон эса, ҳамон айни масалани кўриб чиқмоқда.

"Аксар шарҳловчилар, дейди мақола муаллифи, табиий заҳираларга бой Ўзбекистон ва Туркманистонни Россия етакчилигидаги иқтисодий иттифоққа қўшилишларини кутишмайди".

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаев эса, Путиннинг божхона иттифоқини тузиш ва Оврўосиё Иттифоқи ғояси ортидаги асл мақсади сиёсий эканини айтади.

Унга кўра, Оврўосиё Иттифоқи Россия учун муҳим, бу унинг халқаро масалаларда қудратини сақлаб қолишга изн беради.

Дўсум Сатпаевнинг айтишича, Назарбоевнинг мақсади Россия бозорларига кириш имкониятлари ва Қозоғистонга кўпроқ танловлар беришга қаратилган.