Оддий қирғизистонликлар сайловдан нималарни кутишмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўтган ой охиридан бошлаб Қирғизистонда сайловолди тарғиботлари ўта қизғин тус олган.

Оммавий ахборот воситалари орқали, кўчаларда ва одамлар кўп тўпланадиган жойларда президентликка номзодларнинг ташвиқот эълонлари янграмоқда.

Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, 30 октябр кунига режаланган сайловларга 23 киши номзодини кўйган.

Аксарият номзодлар мамлакатда фаолиятда бўлган сиёсий партиялар аъзолари ва саноат, фан доиралардаги фаоллар ҳамда ишсизлардир.

Пойга асосан бош вазир Алмазбек Атамбаев ва бугунги ҳукуматнинг ашаддий танқидчилари орасида бўлиши айтилади.

Кузатувчиларга кўра, руслашган ва саноатлашган шимоллик номзодлар ва жанублик миллатчи номзодлар ўртасидаги пойга Қирғиз ҳудудлари орасидаги бўлинишни янада кенгайтириши мумкин.

Умидлар

Пойтахтга шахсий ишлари билан келиб қолган 73 ёшли Усонали Қасимбековнинг айтишича, у давлатдаги энг юқори лавозимга "имонли, халққа жон-дили билан хизмат қиладиган инсон" келишини кутмоқда.

У ҳозирги номзодлар орасида шундай инсон борлигини айтади.

Ўзини Сайрагул дея таништирган бишкеклик аёлнинг фикрича, Қирғизистоннинг аввалги президентлари шунчалик порахўрликка ботиб кетганлигидан, аҳолининг хафсаласи пир бўлган.

"Ва улардан кейин оддий одамлар ҳукуматга тоза, адолатли инсонлар келишини кутавериб чарчаган", дейди у.

Пойтахт кўчасида учрашиб қолган ёш йигит менинг саволимга: "Албатта, мен сайловдан яхши ўзгартиришлар кутаман. Давлатимизда битта эмас, кетма-кет иккита инқилоб содир этилганди. Энди бизга шу ҳам етарли, бас килиш керак буни, барқарор турмушимизни қайта тиклаш лозим", - дея фикр билдирди бишкеклик ёш йигит.

Талаб эканини айтган қиз эса, сайлов куни овоз беришга боришини айтади, аммо: "Олдинги умидларим пучга чиққани боис, энди ҳеч нарсадан умидвор эмасман. Чунки, бари бир ҳокимият ўзи билганини қилаверади", дейди.

Исм-шарифини Тўхтабой Туратов деган ўрта ёшдаги киши келгуси президент ҳар ҳолда содир этилаётган беқарорликларга барҳам беришини исташини айтади:

"Жорий давлат раҳбаримиз Роза Ўтинбоева ўтиш даври президенти бўлса, келажакдаги раҳбаримиз мамлакатимизда тозаланиш даврига теакчилик қилишини истайман", дейди у.

Қирғизистонда сайловлар 30 октябрга мўлжалланган.

Ўтган апрел ойида Қурмонбек Бакиевнинг ўрнига қудратга келган Роза Ўтинбоева эса, 31 декабр куни президентликдан расман истеъфо беради.

Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, мамлакатнинг тахминан 5 миллион нафар аҳолисидан 2 миллион 800 мингги сайловчилар рўйхатига киритилган.