Талас олтин конида ишлаётган хорижий ширкатга отлиқлар ҳужум қилишди

"Талас Коппер Голд" қўшма корхонаси менежери Девид Грант Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 'Талас Коппер Голд' қўшма корхонаси менежери Девид Грант

Жанубий Африканинг кончи ширкати ўзининг Қирғизистондаги конига отларга миниб олган қуролли кишилар ҳужум қилишганини хабар қилган.

Олтин қазиб чиқаришга ихтисослашган "Голд Фиелдс" ширкати Қирғизистоннинг Талас туманидаги бир неча квадрат километрлик ҳудудда олтин бор-йўқлиги аниқлаш бўйича рухсатномага эга.

Отлиқ ҳужумчилар кон хавфсизлиги бўйича мулозимни қаттиқ дўппослаб, биноларга ўт қўйишган.

Бу Қирғизистондаги хорижий кончи ширкатларга бўлаётган биринчи хужум эмас. Биз нималар бўлганини "Талас Коппер Голд" қўшма корхонаси менежери Девид Грантдан сўрадик:

Девид Грант: Бизнинг Таласда разведка майдонимиз бор. Бизнинг у ерда кичик бир тадқиқотчилар гуруҳимиз бор. Разведка лагеримизда яшаш ва иш жойлари ҳамда дўконлар бор. Жумадан шанбага ўтар кечаси , ярим тундан кейин, лагерга саккиз-ўн одам отларда ҳужум қилишди. Отлиқлар Молотов коктейллари ва тайёқлар билан қуролланган эдилар. Улар баъзи биноларни ёқиб юборишди, қўриқчилар ва хавфсизлик менежеримизга ҳамла қилишди. Ходимларимизни орқаларидан қувишган. Хавфсизлик масалалари бўйича менежеримиз калтакланган. У ҳозир шифохонада. Ҳаёти хавф остида эмас, аммо ҳужум қилган отлиқлар уни ўлдирмоқчи бўлганлари аниқ. Чунки, уни ўласи қилиб калтаклаб, ёнаётган уйнинг ичида ташлаб кетишган. Аммо, у ёнаётган бинодан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Би-би-си: Сизнингча, нима бўлган? Девид Грант: Қирғизистонда сармоядорлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида жуда кам ҳодисалар бўлиб туради, айниқса тоғ-кон соҳасида. Аммо, бу галги ҳодиса ўзгача эди, чунки ҳодисада омма иштирок этмаган. Ерлик аҳоли умуман олганда биз бажараётган ишларни қўллаб-қувватлайди, биз улар билан ўта яхши алоқага эгамиз. Ҳужумчилар сони кам бўлган ва уларнинг мақсади зиён етказиш ва ўт қўйиш бўлган холос. Бу ҳужумни ким ташкиллаштирганини айтиш қийин... Бунинг сабаблари сиёсийми ёки тижорий аниқ билмаймиз.

Би-би-си: Ушбу ҳужумдан кейин ҳам қолиб, ишлаш ниятидамисиз? Сизларнинг хавфсизлигингиз кафолатини ким бера олади?

Девид Грант: Биз ўз ишимизни қайта кўриб чиқамиз, лекин ниятимиз қазиш ишларини давом эттириш. Қазиш ишларини ноябрда бошламоқчи эдик. Бу режамиздан ҳалиям қайтганимиз йўқ. Аммо қўшимча хавфсизлик чораларини кўриб қўямиз энди; бизни маҳаллий аҳоли ҳам, ҳукумат ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти.

Би-би-си: Ўтган йили ҳам Қирғизистондаги вазият туфайли ишларингизни бир неча ойга тўхтатишга мажбур бўлгандингиз. Қирғизистонда ишлаш осон бўлмаса керак, шундайми?

Девид Грант: 2010 йил март-апрел ойларидан буён вазият осон эмас. Инқилоб ортидан ҳукумат ўзгарди. Бу сармоя муҳитига таъсир кўрсатди. Чунки, қонун издан чиқди ва биз икки йилдан буён қазиш ишларини олиб бора олмай қолдик.