Жанубий Ёлотон жаҳондаги иккинчи йирик газ кони дея тан олинди

Туркманистон Жанубий Ёлотон конидаги табиий газ ҳажми 21,2 триллион кубометрни ташкил этиши мумкин.

Британиянинг Gaffney, Cline and Associates ширкатига кўра, бу Туркманистонни Оврўпо ва Хитойни газ етказиб берувчи йирик таъминотчига айланишига имкон яратади.

Ширкат ўтказган тадқиқот натижаларига асосланиб, Жанубий Ёлотондаги табиий газ ҳажми 13,1дан 21,2 триллион кубометргача бўлиши мумкинлигини айтган ва уни газ заҳираси ҳажми бўйича жаҳонда иккинчи ўринга қўйган.

Британиянинг Gaffney, Cline and Associates 2008 йил туркман газ кони 14 триллион кубометрдан кўпроқ газга эга дея тахмин қилганди.

Энди Жанубий Ёлотон газ ҳажми жиҳатдан Эрондаги Жанубий Форс-Шимолий Гумбаз конидан кейинги ўринни эгаллашиши айтилади.

Ўзбекистондан иқтисодий шарҳловчи Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, Туркманистонда йирик газ заҳиралари борлиги маълум эди, аммо бунинг илмий ҳисоб-китоблар билан тақдим этилиши "Туркманистоннинг иқтисодий потенциалини дунёга кўз-кўз қилиш" жиҳатдан аҳамиятлидир.

"Туркманистон шу пайтгача газини фақат Россияга чиқарган ва Россияга қаттиқ боғланган эди. Россия ўша транспорт тизимининг эгаси сифатида Турманистонга ўзини нархларини белгилаб берар эди. Яъни, харидор ўз нархини белгилаб берар, ишлаб чиқарувчи эса, харидорнинг нархига бўйсунишга мажбур эди", дейди у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аммо, кейинги пайтда вазият ўзгарган, Хитой ҳам туркман гази бўйича йирик шартномаларни қўлга киритган.

Аллақачон Туркманистонда газ қувури ётқизган Пекин Жанубий Ёлотонни ишга тушириш бўйича ҳам келишувлар имзолаган.

Бундан ташқари Туркманистонни Эрон билан боғловчи газ қувури ҳам бир йил олдин ишга туширилганди.

Энди Туркманистон нафақат Россия, Хитой ва Эрон балки Ғарбий Оврўпо, Ҳиндистон ва Покистонни ҳам газ билан таъминлаши мумкин.

Хитой Туркман газини олиш учун қувур ётқизар экан, ўсиб келаётган ва энергияга чанқоқ Ҳиндистон ҳам бугун Туркманистон газини тезроқ қўлга киритишга ошиқмоқда.

Лекин, ўртадаги транзит мамлакат бўлмиш Афғонистон ҳамон нотинч ва шу боис Марказий Осиё газини жанубга элтадиган йўл хавфсизлиги учун кафолат йўқ.

Шунга қарамасдан, Покистон ва Ҳиндистон тарафи бу борадаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришга интилмоқдалар.

Марказий Осиёдаги газга бой иккинчи йирик мамлакат - Ўзбекистон ҳам фақат Россия ва минтақа бозори билан чекланмасдан, жаҳон бозорларига чиқмоқчи.

Аммо аҳолиси кўп Ўзбекистонда ички газ истеъмоли ҳам катта. Бунинг устига, Шўро даврида энг кўп газ қазиб олинган Ўзбекистонда табиий газ заҳиралари анча камайган.

Тадқиқотчиларга кўра, бир неча ўн йил ичида Ўзбекистон гази тугаши мумкин. Аммо Туркманистондаги газ заҳаралари бир неча асрларга етиши айтилади.