Тожикистон: Мансабдор шахсларга яқинларини ишга олиш ман этилди

Тожикистон парламенти томонидан "Коррупцияга қарши кураш" борасидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар ортидан, мансабдор шахсларнинг фарзандлари, яқинлари, қудалари, келин ва куёвларини муҳим лавозимларга тайин этишлари тақиқланди.

Аммо таҳлилчилар янги чекловлар манзарасида Тожикистондаги нуфузли ўринларни президент ва вазирларининг фарзандлари эгаллаб олишганига эътибор қаратишмоқда.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси сессиясида айтилишича, давлат идораларида қавм-қариндошчилик ва маҳаллийчилик ҳолларининг олдини олиш учун мавжуд қонунга тузатишлар киритилган.

Парламент вакилларига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус конвенциясида ҳам келин ва куёвлар яқин қариндошлари сирасига киритилган.

Тожикистон Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш идораси раиси Фаттоҳ Саидовнинг айтишича, давлат ташкилотларидаги қариндош-уруғчилик ҳоллари ҳам коррупциянинг бир кўриниши ҳисобланади.

Унга кўра, бу каби номақбул ҳолларнинг кўпайиши Тожикистон халқининг ҳукуматга нисбатан ишончининг камайишига сабаб бўлиши мумкин.

"Мансабдор шахснинг ҳукумат идоралари ва ҳатто, ҳиссаларининг ярми давлатга тегишли корхона ва ташкилотларда ҳам ӯз яқинлари, масалан, фарзанд, ака-ука, опа-сингил, қуда-анда, келин ва куёвларини муҳим ва масъул вазифаларга тайинлашга ҳаққи йӯқ. Тожикистон қонунлари бунга ижозат бермайди. Қонун талабларини инобатга олмаган давлат мулозимлари ӯз вазифаларидан озод этилишади", дейди жаноб Саидов.

Қонун ижроси

Аммо мустақил таҳлилчи Ражаб Мирзога кўра, бу каби чекловларга қарамай, вазирликлар ва идораларда расмий мулозимларнинг қавм-қариндошлари ишлаб юришибди ҳамда шу кунгача бундай амаллари учун бирон вазир ё расмий мулозим ишдан бўшатилмаган.

Унинг айтишича, Тожикистон собиқ Бош прокурори Бобожон Бобохонов ӯз вазифасидан четлатилгандан сўнг, унинг ӯғли мамлакатнинг йирик ноҳияларидан бири бўлган Ҳисорда прокурор сифатида фаолиятини давом этдирган. Қизи, синглиси ва бошқа яқин қариндошларининг ҳам Бош прокуратурада муҳим вазифаларда ишлаб келганликлари маълум бўлган.

"Тожикистонда қонунларнинг обрӯси ва таъсири жуда кам. Шу сабаб, қонунларда давлат идорасининг раҳбари бӯлган шахс қавм-қариндошлари ва яқинларининг у ерда ишлашлари тақиқланганига қарамай, президент маъмуриятидан бошлаб бошқа давлат ташкилотларигача бундай ҳолатни кӯришингиз мумкин. Аммо бирор бир мансабдор шахс бунинг учун жазоланмаган", дейди у.

Ражаб Мирзонинг ишонишича, “Коррупцияга қарши кураш” тўғрисидаги қонунга киртилган ӯзгаришлар барибир юқори мансабли мулозимлар, жумладан, президент Раҳмоннинг фарзанд ва қариндошларига амал қилмайди.

Президентнинг катта қизи Озода Тожикистон Ташқи ишлар вазири ӯринбосари, куёви Жамолиддин Нуралиев Молия вазирининг муовини, яна бир куёви Маҳмадзойир Соҳибов Давлат сотиб олиш агенлиги раиси, ӯғли Рустам Божхона қўмитасининг контрабандага қарши кураш бӯлими раиси сифатида фаолият юритишмоқда.

Тожикистон раҳбари рафиқасининг укаси Ҳасан Асадуллозода эса, Тожикистондаги йирик банк - “Ориёнбонк” раиси бӯлиб, мамлакатдаги пахта, алюминий ва бошқа даромадли тармоқларни ӯз назорати остига олган.

Амалда Тожикистонинг иккинчи раҳбари, парламент юқори палатаси раиси ва Душанбе ҳукумати раиси Маҳмадсаид Убайдуллоевниг ӯғли Амир шу йил Тожикистонинг Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси қошидаги вакили этиб тайинланди.

Айни дамда, Президент аппарати қошидаги Стратегик тадқиқотлар марказининг раиси Сӯҳроб Шарифов мамлакат раҳбариятининг фарзандлари Тожикистон фуқарорлари ҳисобланиб, улар давлат идоралари ё вазирликларда ишлашга ҳақлари борлигини айтди.