Тожикистонлик бўлажак ҳожилар Ҳаж зиёратини хос либосда адо этишади

Бу йилги муқаддас Ҳаж зиёрати чоғида тожикистонлик зиёратчилар бошқаларидан ажралиб турадиган кўринишади.

Аён бўлишича, Тожикистон Диний ишлар бўйича қўмитаси келаси ой Ҳаж зиёратига отланаётган бўлажак ҳожилар учун ўзгача кўринишдаги янги либослар тайёрламоқда.

Бу йилдан бошлаб уларнинг кийимларига Тожикистон Давлат герби ва байроғининг акси туширилади.

Шунингдек, эркак зиёратчилар кўйлакларининг чўнтагида ва аёллар рўмолларининг пешона қисмида лотин имлосида "Тожикистон", деган ёзув ҳам бўлади.

Айрим хабарларга кўра, ҳатто, Ҳаж либосларининг ранги ҳам мутлақ оппоқ бўлмай, салгина фарқланиши мумкин.

Бу каби тажриба эса, Туркия ва яна саноқли давлатлардагина амал қилади.

Қўмита мулозимларига кўра, бу ташкилотчиларнинг ишларини осонлаштириб, йирик оломон орасида тожикистонлик зиёратчиларнинг бир-бирларини йўқотиб қўймасликларига ёрдам беради.

Аён бўлишича, бўлажак ҳожиларга яна лозим жиҳозлар солинган махсус сумка ва жомадонлар ҳам берилади.

Аммо маҳаллий кузатувчилар наздларида қўмитанинг ушбу изоҳи ишонарли эмас.

Улар тожикистонликлар қанча йиллардан буён Ҳаж зиёратини адо этаётганликлари, аммо шу пайтгача бирорта ҳам зиёратчининг йўқолиб қолмаганини урғулашади.

Масъулларнинг сўнгги ташаббуслари ортида қандай омиллар ётгани, ўз ўрнида, таҳлилчилар орасида муҳокама мавзусига ҳам айланиб улгурган.

Улар айни ўринда асосий эътиборларини бўлажак ҳожилар учун мўлжалланган либосу жиҳозларнинг қийматига қаратишмоқда.

Аён бўлишича, биргина янги либос туфайли бу йилги Ҳаж сарф-харажатлари 70 АҚШ долларига ортган. Агар ушбу сумма жаъми зиёратчиларнинг сонига кўпайтирилса, бу - катта миқдордаги маблағ деганидир.

Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, худди шу сабабдан ҳам, айрим таҳлилчилар яна коррупцион тизим ишга тушиб, муайян инсонларга яқин бўлган ширкатлар ҳам бунинг ортидан фойда кўришга ҳаракат қилишади, деган фикрдалар.

Мухбиримизга кўра, айни ўринда масаланинг иккинчи томонини ҳам назардан қочирмаслик лозим.

Унга кўра, сўнгги йилларда Тожикистонда бутун аҳоли учун қандай либосда юришни белгилаб бериш саъй-ҳаракатлари кучайган.

"Мактаблардан тортиб, катта ёшдаги инсонларгача,.. Мактабларда ўқувчиларнинг бир хил формада юришлари талаб этилади. Уч йил бурун талабаларга ҳам бу каби тартиб-қоидалар жорий этилди. Ўтган йил Тожикистон Маориф вазирлиги ўқитувчиларнинг қандай либосларда юришларига оид фармойишини эълон қилди. Айрим туманларда эса, маҳаллий масъуллар ўқитувчилардан, ҳатто, бир хил либосда келишларини ҳам талаб этишаётган экан. Бу эса, нимаси биландир Шўро пайтларини ёдга солади", дейди мухбиримиз.

Маҳаллий таҳлилчилар эса, расмийларнинг мантиғини тушуниш қийин экани, аммо Шўро давридагига ўхшаб, ҳаммани болаликдан битта қолипга солиш ҳаракати, дея талқин этиш мумкинлигини айтишади.

-Навбат зиёратчиларга ҳам етиб келаркан, энди ҳамма хос либос жорий этилажак кейинги қатлам ким бўларкин, деган ўйда, дейишади улар.

Мухбиримиз Искандар Фирузга кўра, бу йилги Ҳаж зиёратига ҳозирликларнинг ўзига хосликлари фақат бу билан якунланмайди.

"Бу йил зиёратчиларга фақат учоққа чиқиш арафасидагина қўлларига паспортлари тутқазилади. Масъулларга кўра, шундай қилишмаса, Ҳаж зиёратигача улар паспортларини йўқотиб қўйишлари мумкин экан. Бу ҳам таажжубланарли ҳолат. Худди Шўро даврини эслатади", дейди мухбиримиз.

Исломий тақвимга мувофиқ, бу йилги муқаддас Ҳаж зиёрати 4 ноябрда бошланиб, 9 ноябрга қадар давом этади.