Британ ҳукумати ва ОХҲТ тожикистонлик журналистларни оқлашга чақирмоқда

Image caption Ўринбой Усмон иши кескин халқаро танқидларга сабаб бўлди

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили ва Британия тараққиёт вазири тожикистонлик икки журналистнинг озод этилишини олқишлаб, аммо уларнинг тўлиқ оқланишига чақириб баёнот чиқарганлар.

Би-Би-Сининг Хўжанддаги мухбири Ўринбой Усмон шу йил ёзида ҳибсга олиниб Ҳизби Таҳрирга алоқадорликда айбланганди.

Яна бир маҳаллий журналист - Нури Зиндаги газетаси мухбири Маҳмадюсуф Исмоилов ўтган йили ҳибсга олиниб, унга диний ва миллий адоват, туҳмат каби айбловлар илгари сурилган.

Тожикистонга сафар қилган Британия Тараққиёт Вазири Алан Данкан Президент Имомали Раҳмон билан учрашган ва Би-Би-Си журналисти Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши ҳодисаси бўйича ўз ҳавотирини изҳор қилган.

У, шунингдек, мухбирнинг амнистия қарори билан озод қилинганини ҳуш қарши олган.

"Мен Би-Би-Си мухбири Ўринбой Усмоновнинг ман қилинган Ҳизбу Таҳрир гуруҳи билан алоқаларда айбдор деб топилганини эшитиб ҳавотирга тушгандим. Мен унга амнистия қўлланганидан ва у озод этилганидан хурсандман. Би-Би-Си ва жаноб Усмоновнинг ўзи унинг айби йўқлигини урғулашда давом этади. Мен (ҳукумат билан музокараларда) маҳкамага боғлиқ масалаларни ҳам кўтардим. Эркин матбуот замонавий демократик давлатнинг пойдеворидир. Тожикистонда қатор журналистларга қарши жиноий ишлар очилаётгани бизни безовта қилмоқда," - деди Британия тараққиёт вазири.

Айни дамда Би-Би-Си мухбири Ўринбой Усмоннинг ва Нури Зиндаги газетаси мухбири Маҳмадюсуф Исмоиловнинг озод қилинишини Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович ҳам ҳуш қарши олган.

У, ўз таъбирида, ўз касбий фаолияти туфайли маҳкамага тортилган икки тожикистонлик журналистни буткул оқлашга чақирди.

"Мен Маҳмадюсуф Исмоилов ва Ўринбой Усмоновнинг озод қилинганларидан енгил тортдим. Лекин, улар барибир айбдор топилганларидан мен ҳали ҳам ҳавотирдаман. Иккала журналист ҳам жамоатчилик манфаати учун қизиқ бўлган масалаларни мустақил тарзда ёритганлари учун айбдор деб топилдилар. Мен умид қиламанки, уларнинг апелляция ишлари муваффақиятли бўлади ва улар буткул оқланадилар," - дейди Дуня Миятович ўз баёнотида.

Ўринбой Усмонов 14 октябр куни Сўғд вилоят маҳкамаси томонидан ман қилинган ташкилот фаолиятига алоқадорликда айбдор деб топилиб уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бироқ ҳакам уни амнистия қарори билан озод қилди.

У барча айбларни рад қилади.