Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов устидан ҳукм хориж матбуотида

Тожикистонда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг исломий экстремистларга алоқадор топилгани халқаро матбуотда кенг ёритилган.

"Тожикистондаги маҳкама Би-би-си мухбирини радикал Исломий гуруҳга алоқадорлик юзасидан 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, аммо амнистия асосида ўша заҳотиёқ озод қилди", деб ёзади Асошейтед Пресс ахборот агентлиги.

"Афғонистон шимолий чегарасида жойлашган Тожикистон ҳукумати Исломнинг радикал оқимлари оммалашиб бораётганидан хавотирга тушган ва уларга қарши борган сари қаттиққўл чораларни йўлга қўймоқда. Аммо, ҳукумат танқидчилари Ҳизбут Таҳрир ва бошқа шунга ўхшаш ташкилотлар аъзолари қаттиққўллик билан ҳибсга олиш ҳаракатлари уларни янада яширин фаолият олиб боришларига сабаб бўлмоқда", дея хулоса қилинади хабарда.

Британияда чоп этилувчи "Дейли Телеграф" газети эса, жорий йил "Тожикистон ўсиб бораётган Исломий исёнкорликни енгишга уринаркан, матбуотга тазйиқ"ларни кучайтирганига эътибор қаратади.

"Қўшма Штатларда жойлашган лобби гуруҳ 2011 йилги матбуот эркинлигига оид ҳисоботида Тожикистондаги матбуотни "эркин эмас" дея таърифлади", деб ёзади газета.

"Рейтер" ахборот агентлиги ҳам Ўринбой Усмонов устидан маҳкама ҳукм бўйича мақола чоп этган ва унда маҳкама ҳукми бўйича Ғарбнинг муносабатига эътибор қаратилган.

Би-би-си Жаҳон Хизматининг ўзи, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси баёнотлари, мухбирнинг фақат журналистик фаолияти учун жазолангани борасидаги танқидлар тилга олинган.

Айни пайтда: "Қашшоқ ва аксар мусулмонлар яшовчи собиқ Совет республикаси" - Тожикистон диний гуруҳларни бостиришни бошлади ва ўтган йилнинг ўзида 158 одамни ҳибсга олди. Қамоққа ташланганларнинг аксари Ҳизбут Таҳрирга тегишли", деб ёзади "Рейтер" ахборот агентлиги.

Хориж матбуотида эълон қилинган хабарларда Би-би-си корпорациясининг Ўринбой Усмонов айбсизлиги борасидаги таъкидлари, тергов жараёнида унинг қийноққа солингани юзасидан хавотирлари акс этган. Америка, Британия, Россия ва Осиёдаги қатор нашрларда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов устидан ҳукм ҳамда у билан бир кунда маҳаллий журналист Маҳмадюсуф Исмоиловнинг жаримага тортилгани ва фаолияти 3 йилга тақиқлаб қўйилгани борасида ёзиларкан, Тожикистондаги матбуот эркинлигига таҳдидлар борган сари ортаётганига оид хавотирларга ҳам кенг ўрин берилади.