'Ўлимидан олдин Раббоний худкушлик ҳужумини тақиқлайдиган фатво чиқаришга даъват этган'

Image caption Бурҳониддин Раббонийни салласига портловчи модда ўрнатган худкуш ҳужумчи ҳалок этган

Афғонистон ҳукуматининг Толибон билан тинчлик бўйича асосий музокарачиси Бурҳониддин Раббонийнинг қизи отасининг ўлимидан бир неча кун олдин исломий анжуманда уламоларни ўз жонига қасд қилишни қоралайдиган фатво чиқаришга чақирганини айтади.

"Жонига суиқасд қилинишидан олдин у худкуш бомбачилик масаласида гапирган. У исломий уламоларни анжуманда фатво чиқаришга даъват этган. Хабарингиз борки, Ислом ўз-ўзини ўлдиришни тақиқлайди", деб айтган Фотима Раббоний.

Афғонистоннинг собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний ўлимидан олдин Эрон пойтахти Теҳронда бўлиб ўтган "Исломий бохабарлик" анжуманида гапирган.

Икки кунлик конференцияда 600 атрофида исломий уламо иштирок этган.

Анжуманда Толибон вакиллари ҳам қатнашганлар.

Жаноб Раббоний Толибон вакиллари билан бир жойда ўтиришни истамаган.

Фотима Раббоний отасининг чиқиши ҳақида Рейтерс ахборот агентлиги мухбирларига гапираркан, телевизорда отасининг ўлимидан олдин анжуманда қилган маърузасини томоша қилади.

Унинг ёнида биродари Шўжа ўтирипти, Шўжа отасига суиқасд пайтида Кобулдаги уйларида бўлган, у бу ҳужумдан омон қолган.

1997 йилдан буён Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қиладиган Фотима падари бузрукворининг номига жамғарма ташкил этмоқчи эканлигини, бу жамғарма ёш афғонларни ўз жонига қасд қилиш Исломий қадриятларга зид эканини ўргатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйишини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Фарзандлари Афғонларнинг Исломдан бохабарлигини ошириш мақсадида Бурҳониддин Раббоний номига жамғарма ташкил этмоқчилар

"Биз отамизнинг доимий орзуси рўёбга чиқариш - афғонларнинг ҳақиқий Исломдан бохабарлигини тубдан ошириш, уларни ҳақиқий Исломга ўргатиш ҳақида ўйламоқдамиз", дейди Фотима.

Унинг айтишича, марҳум Бурҳониддин Раббоний Толибон ҳаракатининг беланчаги бўлган Қандаҳорда Паштун раҳбарлари билан учрашиб қайтганидан кейин "тинчлик ғоясини амалга ошириш имконли" деб айтган.

"Менинг отамни ўлдириш билан улар бизга аниқ мужда беришди. Муждаки, улар тинчликни хоҳлашмайди", дейди Фотима Раббоний.

Фотиманинг сўзларига кўра, Афғон Толибонининг аксари тинчлик жараёнига қўшилишни истаган, бироқ Толибоннинг Покистон қаноти бунга қарши чиққан.

Шўжанинг айтишича, Афғон Толибони шундай вазиятдаки, улар тинчлик жараёнига қўшилишни истайдилар, аммо бунинг эвазига Покистон Толибони дастагидан маҳрум бўлиб қолишдан чўчийдилар.

Толибон аъзолари орасида Афғон жамиятига қўшилишга қизиқиш ортиб бораётганини кўрган айрим Толибон унсурлари Тинчлик жараёнига тўсиқ қўйишни истаганлар, дейди жаноб Раббонийнинг ўғли.

Шўжа отасининг ўлими терговида иштирок этишни Покистон хоҳламаётганини танқид қилади, Исломобод қотиллик ортида ўзининг жосуси турганини рад этиб келади.