Тожикистонда муқаддас Ҳаж зиёрати юзасидан можаро авжига чиққан

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳар йили миллионлаб мусулмонлар муқаддас Ҳаж зиёратига борадилар

Тожикистонда бу йилги муқаддас Ҳаж маросими бошланиши билан жамиятда ушбу жараёнда порахӯрлик ҳоллари тобора кӯпайиши борасида хабарлар кўпайган.

Норасмий манбаларга кўра, Тожикистон Дин қўмитасининг мулозимлари ҳожилар рӯйхатига киритиш учун алоҳида шахслардан 1000 АҚШ долларидан ортиқ пора талаб қиладилар.

Ҳар йили муқаддас Ҳаж мавсуми арафасида Тожикистонда пора сифатида катта пул тӯлаб Маккаи Мукаррамага борган ҳожилар борасида миш-мишлар тарқалар эди.

Аммо бу йил мамлакатдаги қатор мустақил рўзномалар Ҳаж маросимидаги порахӯрлик мавзусига бағишланган танқидий мақолалар чоп этганлар.

Масалан, "Фараж" газетаси Тожикистон Дин қўмитасининг Хатлон вилоятидаги бӯлими раиси Бобохон Шарбатов Ҳажга бораётган шахслардан пора олиш айблови билан ҳибсга олинганлиги борасида хабар берган.

"СССР" рўзномаси ёзишича, талабгорлар сонининг Тожикистонга ажратилган ҳожилар ўрнидан бир неча маротиба кӯплиги Ҳаж маросимидаги порахӯрлик ҳолларининг тобора кӯпайишига сабаб бӯлган.

"СССР" газетаси бош муҳаррири Сайёфи Мизробнинг айтишича, рўзнома таҳририятига мурожаат қилган ўнлаб шахслар Ҳажга бориш учун 1000 доллардан 2000 долларгача пора беришга тайёр эканликларини билдирганлар.

"Меним фикримча, улар бошқа ташкилотларга мурожаат қилиб, талаблари бажарилмаганидан кейин журналистлардан ушбу муаммони ҳал этишда ёрдам сӯрашга қарор қилганлар. Ахир биз давлат идораси эмасмиз, фақат уларининг мурожаатини чоп эта оламиз", дейди жаноб Мизроб.

Тожикистон Исломий кенгаши Фатво бӯлимининг собиқ раиси ва таниқли исломий уламо Худойберди Эгамбердиевнинг фикрича, Ҳаж маросимида пора олиш ҳоллари олдин ҳам бӯлган ва бу номатлуб амалда Тожикистон Дин қўмитасининг масъул ходимлари қӯллари бор.

"Бу ўтган йили бўлган ҳодиса. Бир биродаримиз, бизга яқин одам бизга айтдики, "мен шу йил хотиним билан Ҳажга бормоқчимиз, ўзимизнинг Рўдакий туманида жой тугапти, менга ёрдам қилинг", деди. Кейин биз Ҳажга мутасадди одамларга мурожаат қилиб, "имкони бўлса, ёрдам беринг", дедик. У киши "мен сизга эртага жавобини бераман", деди. Эртасига у одам бизга телефон қилиб айтдиларки, "Ҳаж учун 3150 доллар талаб қилинади. Ҳар икковларига 4000 доллардан беришса, биз уларни Ҳажга борадиганлар рўйхатига қўшиб қўямиз". Кейин мен танишимизга айтдим, "биродар, агар бундай йўл билан Ҳажга борсанг, Ҳажинг ҳам Ҳаж бўлмайди". У ҳам "агар 3150 доллардан юборса бораман, бўлмаса, бормайман", деди, - дейди Худойберди Эгамбердиев.

Айни дамда Тожикистон Дин қўмитаси раисининг биринчи ӯринбосари Жумахон Ғиёсов Ҳаж маросимида пора олиш ҳоллари мавжудлиги борасидаги хабарларни рад этди.

"Ҳаж маросимида Тожикистон минтақалари учун ҳисса ажратилган ва туманларда Ҳажга борадиган шахслари рӯйхати тайёрланади. Дин қўмитаси бу ишларга аралашмайди. Пора берган шахсларнинг бу рӯйхатга киритилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тӯғри келмайди. Рўйхатга киритилиш катта жанжалга олиб келиши мумкин", деб айтди жаноб Ғиёсов.

Исломий уламоларга кўра, пора бериб Ҳажга борган шахснинг зиёрати қабул бӯлмайди.

"Ҳаж худди сизнинг намоз ўқишингиз, рўза тутишингиз каби ибодат. Бунга ғайришаръий нарса аралашмаслиги керак. Бир кишига менинг ишимни ҳал қилишда ёрдам бер, деб пул бериш пора ҳисобланади. Бундай пора эса динда ҳаром дейилган. Ҳаж маросимига ҳаром нарса аралашдими, билингки, унинг Ҳажи Ҳаж бўлмайди", деб айтди таниқли исломий уламо Худойберди Эгамбердиев.

Бу йил Тожикистонда Ҳаж зиёратини адо этиш бўйича янгилик жорий этилган.

Илк бор тожикистонлик ҳожилар ягона кийим ва лотин ҳарфлари билан "Тожикистон" деб ёзилган юк халталари билан Маккага йӯл олганлар.

Дин қўмитаси расмийлари бундай янгиликдан мақсад, тожикистонлик ҳожиларни миллионлаб ҳожилар орасида ажратиш ва йӯл кӯрсатишни осонлаштириш эканлигини айтганлар.

Аммо мустақил исломий уламолар мазкур амални Дин қўмитасининг ҳожилардан қӯшимча пул олиш йӯллари деб баҳолаганлар.